Сув тежалади, лекин ҳосилдорлик ошади
Мамлакатимизда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш ва илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга татбиқ этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 20 июнда қабул қилинган “Маъмурий ислоҳотлар доирасида сув хўжалиги соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур ҳужжатнинг 11-бандига мувофиқ, “Агробанк” АТБ томонидан сув хўжалиги соҳасидаги илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини қўллаб-қувватлаш учун грант маблағлари ажратилиши белгиланган. Айни пайтда жойларда амалга оширилаётган қатор илмий лойиҳалар ушбу вазифаларнинг амалий ифодасига айланмоқда.

Жиззах вилоятида олиб борилаётган илмий тадқиқотлар ҳам ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда. Сув хўжалиги вазирлиги, “Агробанк” АТБ ҳамда Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти ҳамкорлигида “Автоморф тупроқлар шароитида ғўзани томчилатиб суғоришда гидрогеллардан фойдаланиш самарадорлигини асослаш” мавзусидаги амалий лойиҳа доирасида Шароф Рашидов туманидаги “Ширин” фермер хўжалигида кенг қамровли дала тадқиқотлари амалга оширилмоқда.
Яқинда сув хўжалиги соҳасида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини қўллаб-қувватлаш учун ажратилган грант маблағларининг мақсадли сарфланишини мониторинг қилиш бўйича тузилган ишчи гуруҳ тажриба майдонларида бўлиб, дастлабки натижалар билан танишди. Мутахассислар иштирокида ўтган муҳокамаларда сувни тежаш, ҳосилдорликни ошириш ва минерал ўғитлардан фойдаланиш самарадорлигини юксалтириш борасида қўлга киритилаётган натижалар атрофлича таҳлил қилинди.

Тадқиқотларда томчилатиб суғориш тизимида тупроқ намлигини узоқ муддат сақлаш хусусиятига эга гидрогелларнинг самараси синовдан ўтказилмоқда. Чигит экиш билан бир вақтда гидрогеллар гектарига 50, 60 ва 70 килограмм меъёрларда қўлланилди.
Дастлабки натижаларнинг ўзиёқ ушбу инновацион ёндашувнинг катта имкониятларини намоён этмоқда. Жумладан, эгатлаб суғорилган назорат майдонида мавсумий суғориш меъёри 5850 метр куб гектарни ташкил этган бўлса, гидрогел қўлланилмаган томчилатиб суғориш вариантида бу кўрсаткич 3479 метр куб гектарга тушган. Гидрогеллардан фойдаланилган майдонларда эса сув сарфи янада қисқариб, 50 килограмм меъёрда 3169 метр куб гектарни, 60 килограмм меъёрда 3149 метр куб гектарни ва 70 килограмм меъёрда 3134 метр куб гектарни ташкил этган.
Энг муҳими, сув тежалиши ҳосилдорлик ҳисобидан эмас, аксинча, унинг ўсиши ҳисобига таъминланган. Агар назорат вариантида ҳар гектардан 36,5 центнер пахта олинган бўлса, гидрогелсиз томчилатиб суғоришда бу кўрсаткич 41,2 центнерга етган. Гидрогел қўлланилган майдонларда эса ҳосилдорлик янада ортиб, гектарига мос равишда 43 центнер, 45,4 ва 49,9 центнерни ташкил этган.
Таҳлиллар бир центнер пахта ҳосили етиштириш учун сарфланган сув миқдори ҳам кескин камайганини кўрсатди. Назорат вариантида бу кўрсаткич 159,8 метр куб бўлган бўлса, томчилатиб суғориш усулида 84,4 метр кубга тушган. Гидрогеллар қўлланилган майдонларда эса ушбу рақамлар 73,7, 69,4 ва 62,8 метр кубгача қисқарган.
Сув самарадорлигини баҳоловчи яна бир муҳим мезон — 1000 метр куб суғориш суви ҳисобига олинган ҳосил ҳажми ҳам сезиларли ўсган. Назорат вариантида бу кўрсаткич 6,2 центнерни ташкил этган бўлса, гидрогел қўлланилган вариантларда у мос равишда 13,6 центнер, 14,4 ва 15,9 центнерга етган.
Мутахассислар таъкидлашича, гидрогеллар тупроқда намликни узоқ сақлаш, сув ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланиш ва қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини оширишда муҳим омил ҳисобланади. Айниқса, сув танқислиги тобора долзарб масалага айланаётган бугунги шароитда бундай технологияларнинг аҳамияти янада ортиб бормоқда.
Айни пайтда лойиҳа доирасидаги илмий изланишлар давом эттирилмоқда. Якуний натижалар асосида ишлаб чиқиладиган амалий тавсиялар эса сувнинг ҳар томчисини қадрлайдиган, юқори самарадорликка эришишга интилаётган фермерлар учун муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири