Сув таъминотидаги ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда
Инсон ҳаётини тоза ичимлик сувисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Сув — саломатлик, фаровон турмуш ва барқарор тараққиётнинг энг муҳим омилларидан бири. Шу боис кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, оқова сув тизимини модернизация қилиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Айниқса, Президентимиз раҳнамолигида “Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар чекка ва олис ҳудудларда яшовчи аҳоли ҳаётида ҳам сезиларли ўзгаришлар ясаяпти. Бир пайтлар ичимлик сувини узоқ масофадан ташиб ичишга мажбур бўлган маҳаллаларда бугун замонавий сув тармоқлари қурилмоқда, янги қудуқлар қазилмоқда, оқова сув тизимлари янгиланмоқда. Энг муҳими, одамларнинг эртанги кунга бўлган ишончи мустаҳкамланмоқда.
Бундан етти-саккиз йил муқаддам Сирдарё вилоятида сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар аҳолини жиддий қийнаб келарди. Марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси атиги 63,9 фоизни ташкил этган. Кўплаб маҳаллаларда аҳоли ичимлик сувини махсус техникалар орқали ёки узоқ манбалардан ташиб истеъмол қиларди. Айниқса, ёзнинг жазирама кунларида сув танқислиги аҳоли учун катта муаммога айланар, оқова сув тизимидаги камчиликлар эса санитария ҳолатига салбий таъсир кўрсатарди.

Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг соҳани тубдан ислоҳ қилишга қаратилган қарор ва фармонлари бу борада янги босқични бошлаб берди. Хусусан, 2020 йил 25 сентябрдаги “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини янада такомиллаштириш ҳамда соҳадаги инвестиция лойиҳалари самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони, 2022 йил 22 июлдаги “Ичимлик сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тўғрисида”ги қонун ҳамда 2024 йил 24 октябрдаги “Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор соҳадаги ислоҳотларни мутлақо янги босқичга олиб чиқди.
Бу ҳужжатлар соҳада фақат қурилиш ишларини кўпайтириш эмас, балки тизимни тўлиқ модернизация қилиш, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш, сув йўқотишларини камайтириш, аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Натижада Сирдарё вилоятида кейинги тўққиз йил давомида ичимлик ва оқова сув таъминотини яхшилаш учун жами 2,6 триллион сўм маблағ йўналтирилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан 2,35 минг километр ичимлик суви тармоқлари, 332 километр оқова сув тармоқлари, 423 та ичимлик суви иншооти ҳамда 16 та оқова сув иншооти қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Энг муҳими, бу ишлар рақамларда эмас, одамлар ҳаётида ўз аксини топмоқда. Бугунги кунда вилоят аҳолисининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 88,4 фоизга етди. Бу минглаб хонадонларга тоза сув кириб борди, дегани. Бу оналарнинг сув ташиш ташвишидан қутулгани, болаларнинг соғлом муҳитда улғаяётгани, нуронийларнинг оғир меҳнатдан халос бўлаётгани демакдир.
Мисол учун, Сардоба туманида амалга оширилган кенг қамровли ишлар натижасида 236 километр ичимлик суви тармоқлари ва 18 та сув иншооти қурилди. Илгари аҳолининг атиги 13 фоизи марказлашган ичимлик сувидан фойдаланган бўлса, бугун бу кўрсаткич 94,2 фоизга етди.
Мирзаобод туманида ҳам бу борада салмоқли ишлар амалга оширилди. Тинчлик, Оқолтин, Мирзачўл, Деҳқонобод, Тошкент, Йўлдошобод ва Баҳористон маҳаллаларида янги сув тармоқлари тортилиши, қудуқлар қазилиши ва сув иншоотларини реконструкция қилиш орқали аҳолининг ичимлик суви таъминоти сезиларли даражада яхшиланди. Энг эътиборли томони, туман аҳолиси бу ўзгаришларни катта мамнуният билан қарши олмоқда.

– Илгари сувни ташиб ичардик. Қишда совуқда, ёзда жазирама иссиқда сув излаб юриш осон эмасди. Энди эса хонадонларимизга тоза сув кириб келди. Буни сўз билан ифодалаш қийин. Болаларимиз учун ҳам шароит яхшиланди, – дейди Мирзаобод туманида яшовчи Одил Пўлатов.
Ховос туманининг олис ҳудудларидан бири Пахтакор маҳалласидаги ўзгаришлар ҳам ислоҳотларнинг амалий самарасини яққол намоён этмоқда. Узоқ йиллар давомида ичимлик суви ва оқова сув тизими билан боғлиқ муаммолардан қийналиб келган аҳоли бугун амалга оширилаётган ишлардан мамнун.
Маҳалладаги 14 та кўп қаватли уйда яшовчи 168 та хонадон учун 5 километрлик янги сув тармоғи тортилди. Замонавий сув ҳисоблагичлари ўрнатилиб, тоза ичимлик суви хонадонларга тўғридан-тўғри киритилмоқда. Шу билан бирга, эскирган оқова сув тармоқлари ҳам тўлиқ реконструкция қилинмоқда.

– Илгари сув муаммоси туфайли жуда қийналардик. Айниқса, болалар ва кексалар учун қийин бўларди. Энди эса уйимизга тоза сув кириб келяпти. Канализация тизими ҳам янгиланяпти. Бу биз учун катта қувонч, – дейди маҳалла фуқароси Шоира Бобоева.
– Биласизми, одамлар фақат муаммо ҳақида гапирарди. Энди эса қурилаётган янги тармоқлар, обод бўлаётган кўчалар ҳақида мамнуният билан сўзлаяпти. Энг муҳими, аҳолида давлатга ишонч ортмоқда, – дейди маҳалла фаоли Тўхта Мирзаев.
Дарҳақиқат, бугунги ислоҳотларнинг энг катта самараси ҳам ана шунда — одамларнинг кайфияти, ҳаётга муносабати ўзгармоқда.

Айни пайтда соҳада халқаро молия институтлари иштирокида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ислом тараққиёт банки иштирокида қиймати 57,5 миллион доллар бўлган лойиҳа доирасида Гулистон, Ширин ва Янгиер шаҳарларида канализация тизимлари реконструкция қилинди. Натижада 135,7 минг нафар аҳоли марказлашган оқова сув хизмати билан қамраб олинди.
Шунингдек, Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида қиймати 76 миллион доллар бўлган лойиҳа доирасида янги сув қудуқлари, сув тармоқлари, насос станциялари ва оқова сув иншоотлари қурилмоқда.
Албатта, соҳада ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар кўп. Айрим магистрал қувурлар эскирган, баъзи маҳаллаларда сув таъминоти ҳали ҳам тўлиқ ечимини топмаган. Масалан, Гулистон шаҳри, Боёвут ва Ховос туманларидаги айрим қувурлар ўтган асрнинг 70-80 йилларида қурилган бўлиб, уларни босқичма-босқич реконструкция қилиш талаб этилмоқда.

Бироқ энг муҳими, муаммолар яширилаётгани йўқ. Улар очиқ муҳокама қилиниб, аниқ режалар асосида ҳал этилмоқда. Депутатлик назорати йўлга қўйилгани, ҳар бир объектга масъуллар бириктирилгани ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.
“Сирдарё сув таъминоти” АЖ раҳбари Шаҳбоз Акромовнинг таъкидлашича, аҳолини узлуксиз ва сифатли ичимлик суви билан таъминлаш соҳадаги энг устувор вазифа бўлиб қолмоқда.
– Президентимизнинг чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳоли учун муносиб шарт-шароит яратиш бўйича берган топшириқлари асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Энг асосий мақсадимиз — ҳар бир хонадонга сифатли ва барқарор ичимлик сувини етказиб бериш, — дейди у.
Ҳақиқат шуки, бугун Сирдарё вилоятида амалга оширилаётган ишлар оддий қурилиш ёки реконструкция эмас. Бу инсон қадрини улуғлаш, одамлар турмушини енгиллаштириш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган эзгу ислоҳотлардир.
Энг муҳими, энди одамлар сув ташиб эмас, орзу-умид билан яшаяпти. Бу эса ислоҳотларнинг энг катта натижасидир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири