Бемор болажонлар учун бепул жарроҳлик амалиётлари
Президент қарори – амалда
Ижтимоий давлат сифатида Конституция билан мустаҳкамланган Янги Ўзбекистонда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмас. Бу Президентимизнинг 2026 йил 21 майдаги "Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган хайрли ишларда ўз ифодасини топмоқда.

Бу борада Наманган вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида ҳам кенг қамровли саъй-ҳаракатларга киришилди. Бунда энг аввало, болажонлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.
Бунда кам таъминланган оилаларнинг бемор болалари касалликларига қараб саралаб олинмоқда.

Ҳайит байрами арафасида шифохонага ётқизилган кичик беморлар яқинларига марказ бош шифокори Ҳошимжон Саитқулов, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси масъуллари иштирокида “Вақф” хайрия жамоат фондининг ваучерлари тақдим қилинди.
—Инсон қадри улуғланаётган юртда яшаётганимдан беҳад миннатдорман. Бетоб саккиз яшар ўғлимга бепул даволаниш учун ваучер топширишди. Энди фарзандимни соғломлаштириш учун молиявий асосга эга бўлдик,— дейди хастаҳолнинг онаси Осиёхон Рустамова.

Наманган туманидан келган икки беморнинг яқинларига ҳам худди шундай ҳужжат тантанали равишда тақдим этилди. Маълум бўлишича, улардан бири Иброҳим Носимжонов болалигида эҳтиётсизлик оқибатида куйиш жароҳатини олган эди. Улуғ саодатли кунларда бу беморда пластик жарроҳлик амалиёти ўтказиш учун маблағ ажратилди.
Марказнинг тажрибали ва малакали жарроҳлари томонидан жарроҳлик столига ётқизилган учала беморда мураккаб амалиётлар юқори даражада уддаланди.

Мазкур жараёнлар Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалида ҳам юқори савияда ташкил этилди.
Косонсой тумани Чиндовул маҳалласида истиқомат қилдувчи Мухтасар Ғайбуллаева болаликдан ногиронлиги бўлган шахс сифатида рўйхатда туради. Қутлуғ айём олдидан ўтказилаётган соғломлаштириш акцияси боис энди у дарддан қутуладиган бўлди. Моҳир кардиожарроҳлар – тиббиёт фанлари номзоди Баҳриддин Нуриддинов ва Шавкатжон Нажмиддиновлар беморда юқори технологик жарроҳлик амалиётини муваффақиятли ўтказишди.

—Набирамнинг дардига шифо бериш учун ғамхўрлик қилаётган Ҳукуматимиз, йирик амалиёт учун ҳомийлик кўрсатаётган “Вақф” хайрия жамоат фондидан беҳад миннатдормиз. Қўли енгил шифокорларимиз ҳам омон бўлишсин,—дейди бемор болакайнинг бувиси Лутфия Шаҳобиддинова.
Мухтасар Ғайбуллаева инсонпарвалик йўлидаги ҳаракат боис оғир дарддан қутилган илк бемор бўлса, яқин кунлар ичида яна ўнлаб инсонларда юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари олиб борилади.
Дарҳақиқат, бундай улуғвор ишлар мамлакатимизда шукроналик, саховат ва бағрикенгликка йўғрилган изчил сиёсатнинг амалдаги ифодасидир.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА