Сув таъминотида муаммо бўлмайди
“Қашқадарё сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти ичимлик суви ишлаб чиқариш ва уни аҳолига етказиб бериш фаолияти билан журналист ва блогерларни яқиндан таништириш мақсадида медиа-тур ташкил этди.
Хабарингиз бўлса, вилоят ҳокими яқинда барча ташкилот раҳбарларига оммавий ахборот воситалари вакиллари учун йил якунлари ва келгуси йилги режалар юзасидан матбуот анжуманлари ташкил қилиш вазифасини юклаган эди. “Қашқадарё сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти буни биринчилардан бўлиб бошлаб берди ва медиа-тур иштирокчиларининг дастлабки манзили Шаҳрисабз-Қарши сув ишлаб чиқариш бўлими бўлди.
Мазкур бўлимда 9 та сув иншооти мавжуд бўлиб, улар жами 162 та қудуқдан сув олади ва умумий узунлиги 463 километр бўлган бош сув қувурлари орқали вилоятимизнинг Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Чироқчи, Қамаши, Ғузор, Қарши, Косон туманларини қисман, Қарши ва Муборак шаҳарларини тўлиқ ичимлик суви билан таъминлайди.

Кейинги йилларда соҳага эътиборнинг ошиб бораётгани натижасида кўп йиллар мобайнида йиғилиб қолган муаммолар ҳал этилмоқда ва замонавий технологиялар жорий қилинаяпти. Жумладан, 4 та сув йиғиш иншооти ва 10 километр бош қувурлар реконструкция қилинди. 38 та замонавий насос агрегатлари ҳамда турли қувватли трансформаторлар ўрнатилди. Бунинг натижасида электр энергияси сарфини 11 фоизга камайтириш ҳамда ичимлик суви ишлаб чиқаришни 6 фоизга кўпайтиришга эришилди.
Бироқ соҳада ҳали ечимини кутаётган муаммолар бисёр. Бўлимда мутахассис кадрлар етишмайди. Бунинг асосий сабаби – ходимларнинг ойлик ўртача иш хақи 798 минг сўмни ташкил этади. Сув ишлаб чиқариш ва узатиш қувурларининг каттагина қисми маънан эскирган. Иншоотларнинг энергетика тизимидаги муаммолар асосан электр таъминотидаги узилишлар, кучланишларнинг меъёрда бўлмаслиги билан боғлиқ бўлиб, бу насосларнинг ва электр ускуналарнинг муддатидан олдин ишдан чиқишига олиб келмоқда.

Медиатурда журналист ва блогерлар бу каби муаммоларни бартараф этиш мақсадида “Қашқадарё сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар.
Навбатдаги манзил “Қашқадарё сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти Шаҳрисабз шаҳар бўлимининг "Марказий сув йиғиш ва узатиш" иншоотида бўлди. Маъсуллар иншоотда янгидан ўрнатилган ақлли насосларнинг афзалликлари ҳақида батафсил маълумот берди.

Медиа-тур иштирокчилари шу икки объект мисолида аҳолига ичимлик суви етказиб беришдаги ютуқлар, соҳа мутахассисларининг муаммолари, биз “сувтекин”га харид қилаётган ичимлик сувини ишлаб чиқариш ва етказиб беришдаги машаққатлар билан яқиндан танишдилар.
Ў.БАРОТОВ, ЎзА