Сув насослари мавсумга тайёрланмоқда
Жиззах бош насос станциялари бошқармаси тасарруфидаги “Жиззах-1” насос станциясида кузги-қишки таъмирлаш-тиклаш ишлари қизғин паллага кирган. Бу ерда шошма-шошарликка ўрин йўқ: оғир механизмлар билан ишлашда ҳар бир ҳаракат аниқ, ҳар бир амал эса техника хавфсизлиги талабларига мувофиқ бўлиши керак.
Мутахассислар учун бугунги вазифа – агрегатларнинг техник ҳолатини баҳолаш, носозликларни бартараф этиш ва уларни келгуси суғориш мавсумига тайёрлаш. Насос станциясининг ишончли фаолияти, аввало, ускуналарнинг қай даражада созлигига боғлиқ. Шунинг учун электр жиҳозлари ва механик қисмлар кўрикдан ўтказилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Бундай тайёргарликнинг аҳамиятини фақат станциянинг ўзи билан ўлчаб бўлмайди. Насос агрегатлари барқарор ишласа, сувни белгиланган тартибда етказиб бериш имконияти ортади. Бу эса суғориш мавсумида сувга эҳтиёж юқори бўлган пайтларда, айниқса, муҳим. Даладаги деҳқон учун сувнинг ўз вақтида келиши қандай аҳамиятга эга бўлса, уни етказиб берувчи тизимнинг мавсумга шайлиги ҳам шунчалик муҳимдир.

Соҳадаги техник тайёргарлик сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва насос станцияларини самарали бошқариш вазифалари билан узвий боғлиқ. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 октябрдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда соҳанинг хусусий сектор учун жозибадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида Жиззах вилоятидаги насос станцияларининг 50 фоизини 2026 йилда давлат-хусусий шериклик асосида бошқарувга бериш белгиланган. Ҳужжатда сув ҳисобини юритиш, сув ресурсларини самарали бошқариш ва сув хўжалиги объектларини техник жиҳатдан соз ҳолда сақлашга доир вазифалар ҳам назарда тутилган.

Бу талаблар соҳадаги ҳар бир объектнинг ҳолатига масъулият билан ёндашиш, мавжуд ускуналардан самарали фойдаланиш ва таъмирлаш ишларини ўз вақтида бажариш заруратини янада оширади. “Жиззах-1” насос станциясидаги кузги-қишки ишлар ҳам ана шу мақсадга – келгуси мавсумда сув етказиб бериш барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Цехда бугун бажарилаётган ишнинг натижаси мавсум бошланганда намоён бўлади. Зеро, сув йўлидаги узлуксизлик фақат сувнинг мавжудлигига эмас, уни етказиб берувчи техник тизимнинг ишончлилигига ҳам боғлиқ.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири