Сув истеъмоли бўйича назорат ишлари олиб борилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 декабрдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сувни тежовчи технологияларни жорий қилиниши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Қорақалпоғистон Республикаси Шўманой туман бўлими томонидан доимий назорат ўрнатилди.
– Президент қарори ижроси юзасидан, туман бўйича 2022 йилда жами 770 гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий этиш белгиланди, – дейди қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш шўъбаси катта инспектори Жолдас Нураев. – Жумладан, 500 гектар пахта, 100 гектар боғ, 50 гектар ток ва 20 гектар майдонда бошқа экинлар экиладиган 670 гектар майдонда томчилатиб, 100 гектар ғалла майдонида ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий қилиш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.
Шундан 700 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилиш бўйича “Агро Шўманой кластер” масъулияти чекланган жамияти билан “Мастер Билдинг Продуктс” масъулияти чекланган жамияти қурувчи корхонаси ўртасида пудрат шартномаси тузилиб, 20,1 миллиард сўмлик кредит шартномаси расмийлаштирилган. Бугунги кунга 17,5 миллиард сўм молиялаштирилди.
“Кластер ғалла агро” масъулияти чекланган жамияти томонидан 100 гектар ғалла майдонида сувни тежайдиган ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий қилиш режалаштирилди. Бу бўйича “Навоий ишонч гиламлар” масъулияти чекланган жамияти қурувчи корхонаси ўртасида пудрат шартномаси тузилди. Бугунги кунга 2,5 миллиард сўм молиялаштирилиб, белгиланган тартибда ишга туширилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА