Сув иншооти янгиланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Уйчи туманида жойлашган “Жийдакапа” сув олиш ва узатиш иншооти тўлиқ реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.
Тантанали маросимда вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов, “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқарув раиси ўринбосари Комилбек Юсупов, соҳа вакиллари, нуронийлар ва кенг жамоатчилик иштирок этди.
“Жийдакапа” иншооти Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокидаги лойиҳа доирасида замонавий технологиялар асосида таъмирланди. Натижада аввалги 90-100 минг куб метр атрофидаги сув олиш ва узатиш қуввати 180 минг куб метр суткагача оширилди. Иншоотда энергия тежамкор двигатель ва насослар ўрнатилиб, SCADA рақамли бошқарув ва мониторинг тизими жорий этилди.
[gallery-31195]
Наманган шаҳрининг ичимлик суви таъминотида муҳим ўрин тутувчи мазкур иншоот шаҳар аҳолисининг қарийб 60-65 фоизига ичимлик суви етказиб беради. Шу боис унинг реконструкция қилиниши нафақат иншоот имкониятларини кенгайтириш, балки Наманганда ичимлик суви таъминоти барқарорлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Маросимда соҳа вакиллари ва нуронийлар иштирокида рамзий лента кесилиб, “Жийдакапа” сув олиш ва узатиш иншооти янги шароит ва имкониятлар билан ишга туширилди.
Тадбир давомида иштирокчиларга иншоот фаолияти, унинг техник имкониятлари ҳамда жорий этилган SCADA рақамли бошқарув ва мониторинг тизимининг ишлаш тамойиллари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА