Сурхондарёнинг туризм имконияти оширилади
Президент ташрифидан сўнг...
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 16-17 ноябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида воҳанинг туризм салоҳияти юқорилиги алоҳида қайд этилиб, ҳудудларда 600 дан зиёд маданий мерос ва туризм манзили борлиги, айни пайтда Шўрчи туманидаги “Далварзинтепа” ёдгорлигида очиқ осмон музейини ташкил этиш юзасидан ишлар бошлангани таъкидланган эди.
–Сурхондарё бой ўтмишимиздан сўзлайдиган қадимий воҳа, –дейди вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят туризм бошқармаси бошлиғи Жўрабек Тўраев.– Ҳудуддаги мавжуд туристик имкониятдан оқилона фойдалансак, соҳа ривожланиб, вилоятга дунё сайёҳлари оқими янада кўпаяди. Давлатимиз раҳбари соҳада олиб борилаётган ишларни давом эттириб, Бойсундаги “Бойбулоқ”, “Тешиктош” ва “Мачай” ғорлари, Узундара қалъасини ҳам музейларга айлантириш фикрини илгари сурганида чуқур маъно мужассам. Зеро, “Бойбулоқ” жаҳондаги энг узун ғорлардан бири экани аниқланган. 9 ёшдаги неондартал боланинг танаси ва суяк қолдиқлари топилган “Тешиктош”, милоддан аввалги 12-6 минг йилликларга оид ибтидоий одамлар манзилroҳи бўлган Мачай ғорлари сайёрамизга танилган. Устки қатлами мезолит, тепа қатлами сўнгги мезолит ва илк неолит даврига доир ғордан олимлар мезолит даврига оид эркак ва аёл кишининг тана суякларини топган. Шунингдек, ғорда тош даври одамларининг турмуш тарзини акс эттирувчи ашёвий далиллар мавжудлиги ҳам фан олами учун катта янгилик саналади.

Ўзбекистон ҳудудидаги илк эллинизм ва илк Юнон-Бақтрия даврига оид ягона муҳим ёдгорлик сифатида кўриладиган Узундара Искандар Зулқарнайн даврида қурилган Бақтрия чегара қалъасидир. Мафтункор табиат қўйнидаги бу жойларни очиқ осмон остидаги музейга айлантириш бой ўтмишимизни жаҳонга кенг тараннум этишда муҳим ўрин тутади.
Мазкур вазифалар ижроси доирасида Бойсун туманида зарур чора-тадбирлар белгиланиб, дастлабки ишлар бошлаб юборилди. Тоғли туманда юқори ҳудудларни янада обод манзилга айлантириб, сайёҳлар оқимини кўпайтириш учун қурилиш-ободонлаштириш ва таъмирлаш ишларига киришилди. Шу кунларда туман йўллардан фойдаланиш корхонаси бунёдкорлари “Хўжамайхона булоғи" ва “Мачай” ғорларига олиб борувчи асосий автомобиль йўлига асфальт ётқизаётир, сойларда сел ва сув тошқинлари хавфининг олдини олиш учун ўзанларни мустаҳкамламоқда.
Ташриф чоғида белгилаб берилган Шерободдаги “Хатак” ғори ва Зараутсой қоятошига хорижий олимлар экспедициясини жалб этиш, Сангардак каби яна 10 та маҳаллани туризм қишлоғига айлантириш, “Омонхона” санаториясини таъмирлаб, қувватини кенгайтириш, яна битта янги санатория қуриш, Бойсун, Олтинсой, Сариосиё ва Шерободда дор йўли, меҳмонхона ва савдо хизматларини ташкил этиш учун 200 миллион долларлик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳам тегишли чора–тадбирлар тузилмоқда. Бу борада амалга оширилаётган барча ишлар қадимий вилоятнинг туристик имкониятини янада ошириб, хорижлик ва маҳаллий сайёҳларнинг энг севимли масканларидан бирига айлантиришга хизмат қилади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири