Сурхондарёликлар пилла топшириш режасини бажарди
Сурхондарё вилояти пиллакорлари йилнинг биринчи мавсуми учун шартномавий режани ортиғи билан бажариб, қабул шохобчаларига қарийб 2 минг 345 тонна сифатли хом ашё топширди.
Жорий йилги об-ҳаво ноқулай келган баҳорги мавсумда вилоят пиллакорлари оқилона меҳнат қилиб, 39 минг 66 қути ипак қуртини парваришлади. Айниқса, вилоятнинг Жарқўрғон, Ангор, Қумқўрғон, Бандихон каби туманларидаги моҳир пиллакорларнинг тажрибалари жуда қўл келди.


– Пиллачиликда бой тажриба тўпланган воҳада маҳаллий иқлимга мос серҳосил навли пилла қурти парваришлангани ютуқлар омили бўлди, – дейди Сурхондарё вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари котибияти мудири Зафар Жумаев. – Парваришлашда илғор технологиялар қўлланилиб, ипак қуртининг мавжуд озуқа базасидан оқилона фойдаланилгани мўл ҳосил етиштиришга хизмат қилди. Вилоятда ҳар қути ипак қуртидан ўртача 60 килограммдан ҳосил олишга эришилди. Жумладан, “Сардор Дўстмуҳаммад чорваси” фермер хўжалиги пиллакорлари қабул пунктларига 284 килограмм, “Фаррухбек Раҳимов” фермер хўжалиги 240, “Серҳосил барака 2020” фермер хўжалиги 180 килограммдан ортиқ сифатли хом ашё етказиб берди. Шунингдек, Хосият Аллаёрова, Ситора Содиқова сингари фидойи пиллакорлар ҳам мўл ҳосил етиштириб, вилоят режасининг ортиғи билан бажарилишига муносиб ҳисса қўшди.


Вилоятда пилла ҳосилини топшириш уюшқоқлик билан давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири