Сурхондарёлик ёшлар “Беш ташаббус паралимпиадаси”да беллашди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Термиз шаҳридаги “Беш ташаббус паралимпиадаси” спорт мусобақаларининг Сурхондарё вилояти босқичи бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда жисмоний имконияти чекланган ёшларни спортга кенг жалб этиш, паралимпия спорт турларини янада оммалаштириш, ҳаваскор параспортчиларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида маҳаллаларда истиқомат қилаётган ногиронлиги бўлган ёшлар ўртасида “Беш ташаббус паралимпиадаси” доирасида спорт мусобақалари ташкил этилмоқда.
Сурхондарё вилояти спорт бошқармаси, Паралимпия федерацияси ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада спорт турлари бўйича туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 400 нафар ўғил-қиз ўзаро баҳслашди.
Мусобақаларда 18 ёш ва ундан катта бўлган имконияти чекланган ёшлар пара енгил атлетика, пара бадминтон, пара стол тенниси, пара армрестлинг, пара шахмат, пара шашка каби спортнинг 13 тури бўйича ўз кучи, иқтидори ва салоҳиятини намоён этди.
— Юқори кайфият ва кўтаринки руҳда ўтган “Беш ташаббус паралимпиадаси” мусобақалари ногиронлиги бўлган ёшларни жамиятнинг фаол аъзосига айлантириш, спорт билан шуғулланиш орқали ҳаётда ўз ўрнини топишига хизмат қилмоқда, - дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи Муҳиддин Тағоев. — Қолаверса, паралимпия спорт турларининг кенг оммалашиши ва ривожланиши миллий паралимпия жамоамиз учун захира спортчилар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.
паралимпиада
Жорий йил апрель ойида ўтказилган мазкур мусобақанинг туман ва шаҳар босқичларида барча йўналишлар бўйича 9 минг 78 нафар жисмоний имконияти чекланган ёш иштирок этди.
Якуний натижаларга кўра, 26 нафар иштирокчи ғолиб деб топилиб, республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА