Сурхондарёлик устозларга давлат мукофотлари топширилди
Президентимизнинг “Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Сурхондарё вилоятидан ҳам соҳа фидойилари давлатимизнинг орден ва медаллари билан тақдирланди.
Вилоят ҳокимлигида мукофотларни ўз эгаларига тантанали топшириш маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, нуронийлар, ўқитувчи ва мураббийлар иштирок этди.

Тадбирда кейинги йилларда мамлакатимизда таълим тизимига қаратилаётган юксак эътибор ўз самараларини бераётгани таъкидланди. Бунинг учун ўқув муассасаларида барча замонавий шароитлар яратилиб, хориж тажрибаси кенг жорий этилаётгани, соҳа ходимлари муносиб рағбатлантирилаётгани қайд этилди.

Жорий йил вилоятдаги 135 та таълим муассасасида 527,9 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Президентимиз ташаббуси билан шу йил илк бор ўтказилган “Йил ўқитувчиси” танловида мамлакатимиз бўйича ғолиб бўлган 208 нафар устозлар сафида 15 нафар сурхондарёлик педагог ҳам бор. Уларнинг ҳар бири 616 миллион сўмдан пул мукофоти билан рағбатлантирилди.

Воҳадаги 54 та техникумда100 дан ортиқ касб-ҳунар ўргатилмоқда. Уларда Германия, Буюк Британия, Швейцария, Хитой, Корея Республикаси каби ривожланган давлатларнинг таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, илғор ўқув дастурлари жорий этилаётир.
Ўн йил муқаддам вилоятда битта университетда кадрлар тайёрланган бўлса, ҳозир бешта давлат ва иккита хусусий олий таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Айни пайтда олий таълим муассасаларида ўқиётган талаба-ёшлар сони уч бараварга ўсиб, 75 минг 389 нафарни ташкил этмоқда.

Байрам арафасида давлатимизнинг юксак мукофотига сазовор бўлганлар сафида Бандихон тумани ихтисослаштирилган мактабининг тасвирий санъат фани ўқитувчиси Зиёдулло Кўчкинов ҳам бор. Тажрибали устоз кўп йиллардан буён ёш авлодга таълим-тарбия беришда бошқа ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келмоқда.

– Мактабда иш бошлаганимга 33 йил бўлибди, – дейди Бандихон тумани ихтисослаштирилган мактаби ўқитувчиси, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Зиёдулло Кўчкинов. –Ўшанда 23 ёшда эдим. Шу йилларда педагог сифатида шаклландим. Турли соҳаларда ҳалол меҳнат қилаётган кўплаб шогирдлар тайёрладим. Камтарона хизматимни юқори баҳолаб, давлат мукофоти билан тақдирлашганидан жуда қувондим. Сўнгги йилларда таълимга қаратилаётган юксак эътибор бизни янада кўпроқ изланиб, ёш авлодни жаҳон андозалари даражасида ўқитишга ундамоқда. Бунинг учун барча шароит яратилганидан фахр ҳиссини туйиб, меҳнат қилаяпмиз.

Маросимда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов иштирокчиларни 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий табриклаб, воҳадаги таълим муассасаларида ёш авлодга таълим-тарбия бераётган фидойи соҳа ходимларига давлатимизнинг юксак орден ва медалларини тантанали топширди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири