Сурхондарёлик ўқувчилар саёҳатга чиқмоқда
Сурхондарё вилоятида “Ёшлар туризми ҳафталиги” доирасида “Янги йилда – Янги Ўзбекистон бўйлаб саёҳат” тадбири ўтказилмоқда.
Мазкур ҳафталик Президентимизнинг 2022 йил 30 апрелдаги "Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" ги ҳамда 2022 йил 27 майдаги "Музейларда хизматлар соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорлари ижроси доирасида Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 30 декабрдаги йиғилиш баёнига асосан ташкил этилди.

Қизиқарли таассуротларга бой бўлаётган саёҳат ўқувчиларнинг қишки таътил кунларини сермазмун ўтказишга ва уларни мамлакатимизнинг тарихий обидалари, диққатга сазовор жойлари, амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари билан яқиндан таништиришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятли бўлмоқда.

–Тадбирни юқори савияда ташкил этиш учун саёҳат режа-графиги ишлаб чиқилди, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари Жўрабек Тўраев. – Саёҳатга Термиз шаҳри ва туманлардаги мактабларнинг 750 нафар “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” рўйхатида турувчи ҳамда уюшмаган ёшлардан иборат 7-11 синф ўқувчиси жалб этилмоқда. Улар вилоятдаги Ҳаким ат-Термизий, Султон Саодат, Кокилдор ота каби муқаддас зиёратгоҳлари, сўнгги йилларда бунёд этилган ва ёшларнинг севимли жойига айланиб бўлган “ICEBERG” кўнгилочар маркази, Термиз ҳайвонот боғи, “Оxus”, “Марварид” сингари экотуризм дам олиш масканларини мириқиб томоша қилаётир. Минтақамизда ягона – Термиз археология музейи ва Термиз давлат музей-қўриқхоналарида маҳорат сабоқлари ўтказилмоқда. “Уйидан-саёҳатга саёҳатдан уйигача” тамойили асосида ташкил этилаётган тадбир хавфсизлик чоралари кўрилган дастур асосида уюштирилмоқда.

Ҳар бир гуруҳга икки нафар тиббиёт, икки нафар йўл-патрул хизмати ходими, 15 ёш сайёҳга бир нафар ўқитувчи ва вилоят ИИБ хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасининг икки нафар ходими ҳамроҳлик қилмоқда. Вилоятда “Ёшлар туризми ҳафталиги” давом этмоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири