Сурхондарёда Корея тажрибаси: ҳамкорликнинг янги қирралари
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатлари янги босқичга кўтарилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 13–16 сентябрь кунлари Корея Республикасига амалга оширган давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, технологик ва гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш учун янги имкониятлар очди.
Ташриф якунлари бўйича қарийб 12 миллиард АҚШ долларилик истиқболли лойиҳалар портфели шакллантирилди, Корея Экспорт-импорт банки билан 8 миллиард долларлик янги ҳамкорлик дастурини амалга оширишга келишилди. Ҳамкорлик транспорт, авиация, қишлоқ хўжалиги, туризм, сунъий интеллект, таълим, тиббиёт, атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши каби соҳаларни қамраб олди.
Бугун Корея Республикаси Ўзбекистоннинг муҳим иқтисодий ва технологик ҳамкорларидан бири. Мамлакатимизда Корея капитали иштирокидаги 700 дан ортиқ қўшма корхона фаолият юритмоқда. Ҳамкорлик инвестиция ва савдо билан бир қаторда технология, инновация, рақамлаштириш, инсон капитали ва ҳудудлараро алоқаларни ҳам қамраб олмоқда.
Сурхондарё вилоятида ҳам Корея билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган амалий ишлар олиб борилмоқда. Аввалроқ вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов бошчилигидаги делегациянинг Кореяга ташрифи доирасида инвестиция, қишлоқ хўжалиги, қайта ишлаш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва кадрлар тайёрлаш йўналишларида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинган эди.
Вилоят ҳокими топшириғига асосан, Термиз давлат университети ректори Абдуқодир Тошқулов бошчилигидаги делегация Корея Республикасида бўлиб, таълим, иқтисодиёт, ижтимоий соҳа ва маданият йўналишларидаги тажрибаларни ўрганди.
Термиз давлат педагогика институтида эса вилоят раҳбари Кореяда бўлиб турган Абдуқодир Тошқулов, Сежонг университети профессори Отабек Жўраев, Кореяда таҳсил олаётган сурхондарёлик ёшлар ҳамда воҳадаги олий таълим муассасаларининг битирувчи курс талабалари, магистрант ва докторантлари билан онлайн мулоқот ўтказди.
[gallery-31652]
Унда ёшларнинг таълим олиши, хорижда орттираётган тажрибаси ва эгаллаган билимларини Сурхондарё тараққиёти йўлида самарали қўллаш масалалари муҳокама қилинди.
Кореянинг инсон капиталига инвестиция киритиш ва таълимни иқтисодий тараққиёт билан уйғунлаштириш тажрибаси Сурхондарё учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу боис Корея тажрибасини ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти, меҳнат ресурслари ва ривожланиш эҳтиёжлари билан уйғунлаштиришга эътибор қаратилмоқда.
Ўрганилган тажрибалар асосида таълим ва кадрлар тайёрлаш, инновация, рақамлаштириш, инвестиция, қишлоқ хўжалиги, саноат, туризм ва ижтимоий соҳаларда ҳамкорликнинг янги амалий йўналишларини белгилаш кўзда тутилган.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА