Фарғонада ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлаган тадбиркорлар маҳсулотлари ярмаркаси ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона шаҳридаги Касбий кўникмалар марказида ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлашга ҳисса қўшаётган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган савдо ярмаркаси ташкил этилди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Фарғона вилояти бошқармаси ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирдан мақсад тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни кенг тарғиб қилиш, шунингдек, уларнинг давлат буюртмачилари билан ҳамкорлигини кенгайтиришдан иборат.
Ярмаркада 50 га яқин ишлаб чиқарувчи иштирок этиб, озиқ-овқат, енгил саноат, ҳунармандчилик, маиший ва бошқа йўналишлардаги 200 дан зиёд турдаги маҳсулотларини намойиш қилди.
[gallery-31687]
Тадбирнинг биринчи ярмида давлат буюртмачилари томонидан умумий қиймати 300 миллион сўмлик шартномалар имзоланди. Шунингдек, ташриф буюрувчилар томонидан 62 миллион сўмлик маҳсулотлар харид қилинди.
Ярмарка якунида “Ногиронлиги бўлган шахслар учун энг кўп иш ўрни яратган тадбиркор”, “Энг яхши тадбиркор”, “Энг яхши ҳунарманд”, “Энг ёш иштирокчи” каби номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, фаол иштирокчилар тақдирланди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА