Сурхондарёда илк “Она уйи” ресурс маркази очилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Термиз шаҳрида Сурхондарё вилоятидаги илк “Она уйи” ресурс марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Марказ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда “Она уйи” нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, республикадаги тўққизинчи шундай муассаса ҳисобланади.
Тадбирда вилоят ҳокимлиги вакиллари, нуронийлар, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази мутахассислари, ҳамкор ташкилотлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, марказ оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган аёлларни қўллаб-қувватлаш, болаларнинг оиладан ажралиб қолишининг олдини олиш ҳамда уларнинг оила муҳитида вояга етишини таъминлашга хизмат қилади.
[gallery-30599]
— Марказга мурожаат қилган аёллар вақтинчалик турар жой билан таъминланади. Шунингдек, улар психолог, ҳуқуқшунос, ижтимоий ходим ва бошқа мутахассислардан зарур маслаҳат ҳамда амалий ёрдам олиш имкониятига эга бўлади, - деди “Она уйи” халқаро фондининг Ўзбекистондаги филиали раҳбари Зебо Шоисломова.
Марказ фаолияти “Бола учун энг яхши жой — оила” тамойили асосида ташкил этилган. Бу ерда асосий эътибор оилани сақлаб қолиш, она ва бола ўртасидаги меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлаш ҳамда аёлларнинг мустақил ҳаётга қайтишига кўмаклашишга қаратилган.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА