Сурхондарёда “Ибрат фарзандлари” мактаби очилди
Маълумки, Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ташкил этилган “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси хорижий тилларни бепул, содда ва креатив усулда ўргатишга ихтисослаштирилган. Лойиҳа доирасида профессионал устозлар томонидан 13 тил бўйича 22 турдаги тизимли ва “0”дан бошланган дарслар мажмуаси ишлаб чиқилган. “Ибрат фарзандлари” билан турли тиллар бўйича билимларни қисқа муддат ичида комфорт зонадан туриб эгаллаш мумкин. Лойиҳа барча учун тенг равишда исталган жойда, исталган вақтда бепул тил ўрганиш имконини яратди.
“Ибрат фарзандлари” қисқа вақт ичида YouTube’да қарийб 4 мингдан ортиқ ўрганувчига эга бўлди. Саҳифада эълон қилинган дарсларнинг умумий кўришлар сони 12 миллиондан ошди.
Рақамлардан кўриниб турибдики, мамлакатимизда ёшлар ўртасида чет тилини ривожлантириш муҳим ва бу йўналишда бепул онлайн дарсларга талаб юқори.

Шунга кўра, Сурхондарё вилоятида ҳам “Ибрат фарзандлари” мактаби ўз ишини бошлади. Маросимда лойиҳа раҳбари Рустам Қориев, халқаро тоифадаги рус ва турк тили ўқитувчилари, вилоятда ташкил этилган хорижий тилларга мўлжалланган 20 дан ортиқ ўқув марказлари мураббий ва ўқувчилари ҳамда ёшлар иштирок этди.
“Ибрат фарзандлари” мактабидаги дарслар тил ўрганиш истагида бўлган барча фуқаролар учун мутлақо бепул. Бундан ташқари хорижий тилларни “lbrat Academy” мобиль иловаси ва YouTube канали орқали онлайн ўрганиш имконияти мавжуд.


Мазкур лойиҳа мамлакатимизнинг чекка ҳудудларидаги истеъдодли ёшларга, молиявий томондан имконияти чекланган, лекин чет тилларини ўрганишга иштиёқи баланд ўқувчиларга ҳам хорижий тилларни ўргатиш, уларнинг тиллар бўйича саводхонлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Гулноза Бобоева,
ЎзА