Сурхондарёда 176 оила яраштирилди
Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти органларида ҳар ҳафтанинг икки куни алимент куни сифатида белгиланиб, мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида режали тадбирлар ташкил этиш йўлга қўйилди.
Тадбирнинг илк икки кунида маҳалла кўй, катта ҳаёт тажрибасига эга ёши кексалар ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида 176 оила яраштирилди.
Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, бошқарма ва унинг ҳудудий бўлимларида алимент ундириш билан боғлиқ 20 минг 400 дан ортиқ ижро ҳужжати мавжуд бўлиб, келиб тушаётган мурожаатлар таҳлил этилганида уларнинг 70 фоиздан ортиғи алимент ундириш билан боғлиқ экани аниқланган. Воҳада ҳафтанинг икки куни алимент куни, деб белгилангани ушбу мурожаатларни камайтириш баробарида ажрашиш ёқасида турган кўплаб оилаларнинг қайта тикланишига хизмат қила бошлади.
– Ҳадиси шарифда ҳам низо туфайли аразлашиб юрган инсонлар орасига тушиб, уларни яраштириш, соғлом турмуш тарзига қайтариш улуғ иш, савоб амал экани баён этилган, – дейди МИБ Сурхондарё вилоят бошқармаси катта инспектори Қобилжон Турсунов.
– Баъзи оилаларда арзимаган сабаб билан меҳр-оқибат кўтарилиб, ажрашмоқчи бўлишганда маҳалла-кўй, қавм-қариндошлар панд насиҳат қилиб, уларни сақлаб қолишга интилади. Бюро ходимлари ҳам нафақат алимент қарздорликларини ундириш, шунингдек, ажрашган оилаларни яраштиришни ўзларининг бурчи деб билади. Вилоятда ҳафтанинг икки кунида 176 оиланинг ярашишга қарор қилгани бунга яққол далилдир. Эндиликда уларнинг бегуноҳ гулдек ўғил-қизлари яна ота-она бағрида шодон яшаш бахтига муяссар бўлди.
МИБ вилоят бошқармаси туман ва шаҳар бўлимларининг икки кунлик тадбири чоғида 715 нафар алимент тўловчидан 1 миллиард 862 миллион сўм ундириб берилди. Ўз жигарбандлари учун алимент тўлашдан бўйин товлаган 4 нафар отага маъмурий баённома расмийлаштирилиб, суднинг қарори билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Бир нафар қарздор отага алимент пулларини қасддан тўлашдан бош тортгани учун жиноят иши қўзғатилди.
Жумладан, Узун тумани Узунқишлоқ маҳалласида яшовчи К. Тўйчиев хонадонида турмуш ўртоғи билан ўзаро келишмовчилик сабабли оила ажрим ёқасига келиб қолган эди. Тадбир иштирокчиларининг панд-насиҳатлари, маслаҳатлари билан ўртадаги низолар барҳам топиб, оила ярашди. Улар бир нафар фарзандининг келажаги учун оила мустаҳкамлигини таъминлашга сўз бериб, ҳаётда тўғри йўлни кўрсатган ташкилотчиларга миннатдорлик билдирди.
Улуғ мақсадга йўналтирилган мазкур тадбир давом этади.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,ЎзА