Сурхондарё туризм маконига айланмоқда
Термиз шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан ўтказилган йиғилишда вилоятнинг туризм салоҳияти юқорилиги алоҳида қайд этилиб, қадимий воҳада 600 дан зиёд маданий мерос ва туризм объекти мавжудлиги таъкидланди. Соҳани янада ривожлантириш учун навбатдаги вазифалар кўрсатиб ўтилиб, келгуси йил вилоятга сайёҳлар оқимини 3 баробар ошириш режа қилинаётгани муносабати билан вилоят тадбиркорларига меҳмонхона қуришга “юлдузи”дан қатъи назар, субсидия берилиши белгиланди.
Сурхондарё ўзининг бой туристик салоҳияти билан дунё сайёҳларида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Қадимий воҳа ноёб маданий ёдгорликлари, табиий мерос объектлари, гўзал табиат манзаралари, шифобахш зилол сувларга бой ҳудуд. Миллий ҳунармандчилиги ва нафис фольклор санъати билан ҳам дунё аҳлини мафтун этиб келади. Вилоятда зиёрат, буддизм, агро, саноат, экологик ва соғломлаштириш, гастрономик каби туризм йўналишларининг ривожланаётгани ҳудудга маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар оқимини йил сайин кенгайтирмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида воҳага 1 миллион 120 мингдан ортиқ маҳаллий ва қарийб 600 минг хорижлик сайёҳ келгани ҳам бунга яққол далилдир.

Уч қўшни давлат билан чегарадош воҳага келаётган сайёҳларга қулай шароит яратиш ва уларга сифатли хизмат кўрсатиш учун туристик инфратузилма ривожлантирилмоқда. Хусусан, шу йилнинг ўтган даврида 13 та янги жойлаштириш воситаси ишга туширилиб, уларнинг сони 197 тага етказилди. Шундай қилиб, туристларга 51 та меҳмонхона, 14 та хостел ва 132 та меҳмон уйи хизмат кўрсатмоқда. Йил якунигача вилоятда яна 13 та жойлаштириш воситаси фойдаланишга топширилади.

–Ҳудудларда соҳани юксалтириш учун катта имконият бор,–дейди вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят туризм бошқармаси бошлиғи Жўрабек Тўраев,– Бу салоҳиятдан унумли фойдаланилса, туризм иқтисодиётимизнинг етакчи тармоқларидан бирига айланади. Йилнинг ўтган даврида вилоятга олис хорижий давлатлардан 84 минг, Тожикистондан 460 минг ва Афғонистондан 49 минг турист келди. Сайёҳларга 16 миллион доллардан ортиқ туризм хизматлари экспорти амалга оширилди. Янги йилгача маҳаллий туристлар сони 1 миллион 600 мингга, Европа, Осиё ва бошқа олис давлатлардан келгувчилар сони 90 минг нафарга етиши, уларга кўрсатиладиган туризм хизматлари экспорти 22 миллиондан ошиши кутилмоқда. Соҳага қаратилаётган эътибор туроператор ва гид-экскурсаводликка қизиқишни ҳам оширмоқда. Масалан, 2017 йил воҳада 11 та туроператор ва турагент хизмат кўрсатган бўлса, бу йил уларнинг сони 53 тага етди. Бундан олти йил аввал атиги тўрт гид-экскурсавод фаолият юритган бўлса, бугун туристларга 45 нафар малакали гид-экскурсавод хизмат кўрсатаётир.
Маълумотларга кўра, 2023-2024 йилларга мўлжалланган ҳудудий дастур доирасида вилоятда қиймати 552,2 миллиард сўмлик 71 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Шу пайтгача қиймати 181,5 миллиард сўмлик 19 та лойиҳа ишга туширилди. Вилоятга келаётган туристларнинг саёҳатдан бўш вақтини сермазмун ўтказиши учун Термиз шаҳрида иккита, Бойсун, Денов ва Шеробод туманларининг ҳар бирида биттадан туну кун хизмат кўрсатувчи туризм кўчалари барпо этилди. Сариосиё туманида мафтункор шаршараси билан сайёрамизга танилган Сангардак қишлоғи “Туризм қишлоғи” мақомига эга бўлди.

Жозибадор туристик салоҳиятга эга воҳадаги Ҳаким ат-Термизий, Исо ат–Термизий, Султон Саодат каби мажмуалар, Алауддин Аттор, Кокилдор ота, Сўфи Оллаёр, Мавлоно Зоҳид сингари зиёратгоҳлар, Далварзинтепа, Фаёзтепа, Кампиртепа каби археологик ёдгорликлар маҳаллий ва хорижлик туристларда бой таассурот уйғотаётгани билан аҳамиятли бўлмоқда.
Тарихи олис ўтмишга бориб тақаладиган муқаддас зиёратгоҳ ва қадимий ёдгорликлар тарихи дунё сайёҳларининг ҳайратини оширмоқда. Масалан, Термиз шаҳридаги Султон Саодат мажмуаси Термиз саййидларининг дафиналари жойлашган маҳобатли мақбаралардан иборат иншоот. Марказий Осиё саййидларининг кўпчилиги ўзларининг келиб чиқишини шу хонадон билан боғлайди. Айтишларича, Термиз саййидлари Муҳаммад пайғамбарнинг қизи биби Фотиманинг ўғли имом Ҳусайннинг бешинчи авлоди Ҳасан ал-Амирга бориб тақалади. Ул зот 850 йилда Самарқандга келади ва у ерда ўн бир йил яшаб, Балхга кўчади. Тахминан 865 йилда Ҳасан ал-Амир Термизга кўчиб келгач, шу ерда бутунлай ўрнашиб қолади. 12 – 17 – асрларда бунёд этилган мажмуа узунлиги 70 метрли ҳовлида қурилган бўлиб, йигирмага яқин мақбарани ўз ичига олади.

Термиз туманидаги Фаёзтепа ёдгорлиги милодий 1-3 асрларга оид буддавийлик монастир-ибодатхонасидир. Қадимшуносларнинг ўрганишларига кўра, ўтмишда бу ердаги монастир майдони хоналарида роҳиблар ва монастир талабалари истиқомат қилган. Монастирда ўқув хоналари, заллар, зиёратчилар тўхтаб ўтадиган ётоқхоналар бўлган. Хоналар деворларида пилта чироқ ёритқичлари учун токчалар ишланган. Айрим хоналарнинг девори остида будда ҳайкаллари ва уларни ўрнатиш учун супа-тагкурсилар қурилган. Археолог-олимларнинг фикрича, диний маросимлар тўхтаган вақтда монастир саждагоҳларида роҳиб ва талабалар, зиёратчи- сайёҳлар марказий ибодатхонада ўз ибодатини амалга оширган.

Сурхон воҳаси ана шундай турли динларга оид ноёб иншоотлари, қизиқарли тарихи, ўтмишдаги бой маданияти билан ҳам дунё сайёҳларини ўз бағрига чорламоқда. Сангардак шаршараси, Омонхона, Хўжаипок каби шифобахш булоқ сувлари тиббиёт туризми иҳлосмандларини мафтун этаётир. Осмонўпар тоғлар қўйнидаги сўлим гўшаларнинг сержило манзаралари табиат шайдоларига ўзгача завқу шавқ улашмоқда.

Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган “Ипак йўлида туризм” 28-Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасида дунёнинг кўплаб давлатларидан келган меҳмонлар жанубдаги воҳага катта қизиқиш билдираётгани ва ҳамкорлик шартномалари тузаётгани ҳам Сурхондарё сайёҳлик маконига айланаётганидан гувоҳлик бермоқда. Буларнинг барчаси сўнгги йилларда мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътиборнинг амалдаги самараларидир.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири