Сурхондарё Латвия орқали Европа бозорларига йўл олади
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Латвия Транспорт вазирлигининг Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик бўйича вакили Эвия Думпе ва Болтиқбўйи – Марказий Осиё иқтисодий ривожланиш ассоциацияси бошқарув раиси Александр Видякин бошчилигидаги делегацияни қабул қилиб, воҳани Европа бозорлари билан боғловчи янги логистика йўналишларини муҳокама этди.
Учрашувда Сурхондарёнинг Европа бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтириш, транспорт-логистика салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва янги инвестиция лойиҳаларини жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Термизни Марказий ва Жанубий Осиёни Европа билан боғлайдиган транспорт-логистика занжирига интеграция қилиш, Латвия портлари ва логистика компаниялари билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, воҳада етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ва Европа бозорларига экспорт қилиш юзасидан фикр алмашилди.

Мулоқот чоғида, шунингдек, рақамли иқтисодиёт, "ақлли шаҳар" ечимлари, яшил энергетика, сув тежовчи технологиялар, чиқиндиларни қайта ишлаш каби йўналишларда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.

Бой туристик салоҳиятга эга қадимий воҳага Европадан сайёҳларни жалб этиш, туроператорлар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари ҳам учрашув кун тартибидан ўрин олди.
Томонлар муҳокама этилган масалалар бўйича аниқ қўшма лойиҳаларни шакллантириб, амалий ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.

Латвия делегацияси Ўзбекистон – Афғонистон чегарасида бунёд этилган “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасининг транспорт-логистика имкониятлари ва экспорт салоҳияти билан яқиндан танишди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири