Лойиҳанинг қиймати одамлар ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар билан баҳоланади
Гулшанободда амалга оширилган давлат гранти маҳалла аҳолисининг ҳаётига қандай ўзгариш олиб келди?
Кундалик ҳаётда биз оддийдек қабул қиладиган нарсалар бор: уйдан чиқиб, ишга бориш, фарзандни мактабга олиб бориш, шифокор қабулига етиб олиш ёки кечқурун маҳалла кўчаларидан хавфсиз қайтиш. Аммо ана шу оддий ҳаракатлар учун муносиб шароит бўлмаса, ҳар бир қадам инсон учун муаммога айланиши мумкин.
Айниқса, тиббий муассасага олиб борувчи йўлнинг ноқулайлиги, тунги пайтда ёритишнинг етарли эмаслиги аҳоли учун жиддий қийинчилик туғдирарди.
Бухоро туманидаги “Гулшанобод” маҳалла фуқаролар йиғинининг Туксабой қишлоғида амалга оширилган лойиҳа ана шундай муаммони бартараф этишга қаратилди.
Энг муҳими, бу ерда гап шунчаки йўлак қурилиши ёки чироқ ўрнатилиши ҳақида эмас. Гап инсон учун қулай муҳит, хавфсиз ҳаракат ва тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини яхшилаш ҳақида бормоқда.
Бухоро вилояти “Нурли келажак аёллар ва ёшларни ижтимоий ҳимоялаш маркази” нодавлат нотижорат ташкилоти бўлими томонидан амалга оширилган мазкур лойиҳа Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг давлат гранти асосида молиялаштирилди. Лойиҳа қиймати — 200 миллион сўм. Шартнома 2026 йил 20 июль куни тузилган бўлиб, лойиҳани амалга ошириш муддати уч ой этиб белгиланган.

— Лойиҳанинг асосий мақсади — маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолининг тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, ҳудудни ободонлаштириш ва одамлар учун муносиб яшаш шароитини яратишдан иборат бўлди, — деди вилоят “Нурли келажак аёллар ва ёшларни ижтимоий ҳимоялаш маркази” нодавлат нотижорат ташкилоти бўлими раҳбари Сарвиноз Акрамова. — Лойиҳа доирасида Туксабой қишлоғида поликлиникага олиб борувчи йўл бўйлаб замонавий талабларга жавоб берадиган пиёдалар йўлаги барпо этилди. Аввало, ҳудуд батафсил ўрганилиб, йўлак ўтказиладиган қисм бўйича зарур ўлчовлар амалга оширилди. Кейин ер ишлари бажарилиб, пиёдалар ҳаракати учун мустаҳкам асос тайёрланди. Шундан сўнг бетон қопламали йўлак ётқизилиб, бордюрлар ўрнатилди. Натижада аввал ноқулай бўлган йўл ўрнида одамлар бемалол ва хавфсиз ҳаракатланиши учун мўлжалланган замонавий пиёдалар йўлаги пайдо бўлди.
Бир қарашда бу оддий қурилишдек туюлиши мумкин. Аммо йўлакнинг ҳар бир метри ортида кексаларнинг поликлиникага қийналмай бориши, оналарнинг фарзандлари билан хавфсиз ҳаракатланиши, беморларнинг шифокор қабулига етиб олиши, маҳалла аҳолисининг кундалик ҳаёти енгиллашиши каби инсон тақдири билан боғлиқ жиҳатлар мужассам.
Лойиҳанинг яна бир муҳим қисми — тунги ёритиш тизимини барпо этиш бўлди.
Йўл бўйлаб ёритиш устунлари ўрнатилиб, улар энергияни тежайдиган LED чироқлар билан жиҳозланди. Электр таъминоти тармоғи тортилиб, барча ёритиш қурилмалари ягона тизимга уланди. Энди кечқурун бу йўлдан ўтаётган инсон қоронғуликда йўл қидириб юрмайди. Ёруғлик — бу шунчаки чироқ эмас. У хавфсизлик, хотиржамлик ва ишонч рамзидир. Айниқса, тиббий муассасага олиб борувчи йўлнинг ёритилиши аҳоли учун алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, касаллик вақт танламайди. Шифокорга эҳтиёж ҳам кечаю кундуз юзага келиши мумкин. Шу боис мазкур лойиҳанинг аҳамиятини фақат қурилиш ҳажми ёки сарфланган маблағ билан ўлчаб бўлмайди.

Ҳар қандай ижтимоий лойиҳанинг ҳақиқий самараси қурилиш объектининг ташқи кўриниши билан эмас, одамлар ҳаётида қандай ўзгариш қилгани билан баҳоланади. Туксабой қишлоғида барпо этилган пиёдалар йўлаги ва тунги ёритиш тизими ҳам ана шу нуқтаи назардан катта аҳамиятга эга.
Бугун бу ерда одамлар поликлиника томон ҳаракатланаётганда йўл четида юришга мажбур эмас. Кечқурун эса қоронғулик хавфи камайди. Кексалар учун қулайлик, беморлар учун осонлик, оналар ва болалар учун хавфсизлик пайдо бўлди. Энг муҳими, маҳалла инфратузилмасининг яна бир муаммоси ҳал этилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири