Сурхондарё делегацияси Хитойда
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 23-25 январь кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлади.
Ташриф дастурига мувофиқ Пекин шаҳрида олий даражадаги музокаралар ҳамда қатор икки томонлама учрашувлар ўтказиш режалаштирилган.

Айни кунларда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов бошчилигидаги делегация аъзолари Хитой Халқ Республикасида бўлиб турибди. Вилоят делегацияси сафарининг дастлабки кунида 9 та компания президентлари ҳамда вакиллари билан учрашди.

Музокараларда ер ости бойликларини қазиб олиш ва қайта ишлаш, “Сити” қуриш, соғлиқни сақлаш ва муқобил энергия соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш, давлат-хусусий шерикчилик асосида “М-41” халқаро магистрал автомобиль йўли ҳамда “Амузанг-1” ва “Амузанг-2” каналларини таъмирлаш, оқова сув тизимларини яхшилаш, инфратузилма объектларини қуриш лойиҳаларини амалга оширишга келишилди. “Урумчи-Термиз” савдо уйини, логистика марказини ташкил этиш, янги ерларни ўзлаштириш, чигит уруғчилигини ривожлантириш, металлни қайта ишлаш каби йирик лойиҳалар юзасидан келишувга эришилиб, шартнома ва меморандумлар имзоланди.

Вилоят делегациясининг Хитой Халқ Республикасига сафари давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири