Сурхонда кўкламолди ҳашар ишлари бошланди
Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашининг VII чақириқ олтинчи сессиясида вилоятдан сайланган сенаторлар, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари, ҳокимликлар, маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар, хотин-қизлар ва ёшлар вакиллари, тадбиркорлар ҳамда агрокластер раҳбарларининг “Вилоятимизнинг ҳар бир гўшасини бунёдкорлик ва ободлик масканига айлантиришга барчамиз муносиб ҳисса қўшайлик!” шиори билан мурожаати қабул қилинди.
Мурожаатда аҳолининг ягона мақсад йўлида бирлашиб, ҳар бир хонадон, кўча ва маҳаллани янада обод ҳамда саранжом-саришта ҳудудга айлантириш, янги боғлар яратиш, томорқалардан оқилона фойдаланиш, эҳтиёжманд оилалар хонадонларини таъмирлаш учун ҳашарлар уюштириш каби эзгу ташаббуслар илгари сурилган.

– Мурожаат юрт ободлиги, хонадонлар ва маҳаллалар фаровонлиги йўлида Сурхондарё аҳлини бирлаштиришга хизмат қилади, – дейди сессия иштирокчиларини мурожаат билан таништирган Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуратов. – Ҳар бир оилани ўз уйида “Обод хонадон” мезонларини жорий этишига, қўни-қўшнилар, маҳалладошлар ва ёшларни ҳудуддаги эҳтиёжманд оилалар хонадонларини ҳашар йўли билан таъмирлаб беришга ундайди. Шунга асосан “Наврўз” умумхалқ байрамигача “Маҳалла еттилиги” аъзоларига бириктирилган кўчаларда 100 тупдан, кўчабошилар ва уй бошилар ўз ҳудудида 20 тупдан, ҳар бир маҳалла боғида 500 тупдан воҳадаги 724 маҳаллада 9 миллион тупга яқин, вилоят бўйича эса 16 миллионга яқин мевали ва манзарали дарахт кўчати экилади. Шунингдек, мурожаатда вилоятдаги 724 та маҳалланинг ер майдони мавжуд хонадонларида 10 тупдан хурмо, лимон, анжир каби мевали дарахт кўчати экиш тавсия этилган.

Мазкур мурожаатнинг амалдаги ифодаси сифатида кўнгиллилар вилоятдаги қабристонларга чиқиб, авлод-аждодлари мангу қўним топган сокин гўшаларни ободонлаштиришни бошлади.
– Президентимизнинг олис, чекка ҳудудларга қаратаётган юксак эътибори сабаб тоғ қўйнидаги бизнинг қишлоғимиз ҳам обод ва фаровон манзилга айланмоқда, – дейди Денов туманидаги Ушор маҳалласи раиси Ўткир Ҳақназаров. – Ёзда чанг, қишда лой бўлиб кетадиган кўчаларимиз текис ва равон бўлмоқда. Таълим ва тиббиёт муассасаларига эътибор кучайтирилаётир. Шунга мос равишда маҳалламиз аҳли бунёдкорлик ишларига ўз ҳиссасини қўшмоқда. Жумладан, бугун вилоятда бошланган хайрли тадбирда қатнашган ёшу кекса қабристонни ободонлаштириб, ёввойи ўт-ўлан ва хазонлардан тозалади.

Вилоятда кўкламолди уюштирилган ҳашарда мавжуд 734 қабристон ва унинг атрофи ёввойи ўт-ўланлар, хазонлар, шох-шаббалардан тозаланиб, дов-дарахтларга ишлов бериляпти. Қабрлар сувалиб, йўлаклар тартибга келтирилмоқда.
Вилоят маҳаллаларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш давом этади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири