Сурхонда ИИО ходимларининг намунавий оилалари беллашди
Сурхондарё вилояти ички ишлар органлари ходимлари оилалари ўртасидаги “Намунали оила” кўрик танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда танловнинг қуйи босқичида ғолиб бўлган оилалар ўз билим ва маҳоратини намойиш этди.
Танлов “Соғлом оила – соғлом жамият” ғоясини ҳаётга татбиқ этиб, замонавий намунали оилани шакллантириш, унинг маънавий ахлоқий негизлари ва анъанавий қадриятларини мустаҳкамлаш, оиладаги низоли ҳолатлар ва ажрашишларнинг олдини олиш, оилаларинг мустаҳкамлигини таъминлаш, турмуш маданиятини юксалтириш, намунали оилаларнинг ҳаётий тажрибаларини оммалаштириш каби эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.


Кўрик-танлов иштирокчилари “Таништирув”, “Бу менинг оилам” номли энг яхши фотосуратлар ва видеоролик, “Биз китобхон оиламиз” бадиий адабиётлардан савол-жавоб шартлари бўйича ўзаро беллашди. Маданият ва санъат йўналишида ўз истеъдод ва қобилиятини синовдан ўтказди.
Танлов якунида Термиз тумани ички ишлар бўлими ташкилий бўлинма навбатчилик қисми катта инспектори, майор Алишер Аманов оиласи фахрли биринчи ўринни қўлга киритиб, мамлакат босқичига йўлланма олди. Иккинчи ўринни вилоят ИИБ маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати ташкилий мувофиқлаштириш гуруҳи бош инспектори, майор Бекзод Қурбоналиев эгаллади. Учинчи ўринни Қизириқ тумани ички ишлар бўлими ташкилий бўлинма мурожаатлар билан ишлаш гуруҳи катта инспектори, майор Илҳом Ҳамраев қўлга киритди.
Ғолиблар пул мукофоти ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.



Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири