Суперлига: “Нефтчи” ҳамон пешқадам
Ўзбекистон Суперлигасида 19-тур якунланди. Пешқадамларнинг ўрни мустаҳкамландими? Турнир жадвалидаги вазият қандай? Кейинги турдаги ҳал қилувчи баҳслар қайси жамоалар ўртасида ўтказилади?
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 19-тури доирасида яна 3 та ўйин ўтказилди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, Тошкентдаги “Локомотив” стадионида ўтказилган учрашувда мезбонлар “Бунёдкор” устидан 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Бу натижа “темирйўлчилар”нинг очколарини 31 тага етказиб, жадвалдаги бешинчи ўрнини мустаҳкамлашига имкон берди.
Шунингдек, “Машъал” ўз майдонида “Навбаҳор”га 0:2 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Шу тариқа Наманганнинг бош жамоаси 37 очко билан учинчи ўринда қолди. “Қизилқум” — “Насаф” учрашувида эса ягона гол баҳс тақдирини ҳал қилди. Нодирхон Неъматхонов 43-дақиқада рақиб дарвозасини ишғол қилиб, жамоасига 1:0 ҳисобидаги ғалабани тақдим этди. Натижада “Қизилқум” 23 очко билан 11-поғонага кўтарилди, “Насаф” эса 25 очко билан тўққизинчи ўринда қолди.
Шу тариқа, Суперлиганинг 19-туридан кейин турнир жадвалида “Нефтчи” 45 очко билан пешқадамлигини сақлаб қолмоқда. Фарғона клуби 19 та учрашувда 14 та ғалаба, 3 та дуранг ва 2 та мағлубият қайд этган. Жамоа 45 та гол урган ва 10 та гол ўтказиб юборган. “Пахтакор” 40 очко билан иккинчи “Навбаҳор” 37 очко билан учинчи ўриндан жой олган. “Бухоро” эса 34 очко билан тўртинчи ўринни банд этмоқда.

Миллий чемпионатимиз жадвалида “Локомотив” 31 очко билан бешинчи, ОКМК 29 очко билан олтинчи, “Андижон” эса 27 очко билан еттинчи поғонадан ўрин олган. “Динамо” 26, “Насаф” 25, “Сўғдиёна” 24 очко билан 8-10 ўринга тақсимланди. “Қизилқум” эса 23 очко билан 11-поғонада жойлашди.
Жадвалнинг қуйи қисмида “Хоразм” ва “Сурхон” 20 очкодан жамғарган. “Қўқон-1912” ва “Бунёдкор” ҳисобида 19 очкодан бор. “Машъал” эса 4 очко билан сўнгги — 16-ўринда қолмоқда.
Суперлигада тўпурарлик учун курашда “Сўғдиёна” ҳужумчиси Люпчо Дориев 13 та гол билан пешқадамлик қилмоқда. Унинг энг яқин таъқибчиси — “Нефтчи” футболчиси Стипе Перица бўлиб, унинг ҳисобида 10 та гол бор. “Динамо” вакили Анваржон Ҳожимирзаев ҳамда “Локомотив” ҳужумчиси Темурхўжа Абдухолиқов 9 тадан гол урган. “Пахтакор” ҳужумчиси Стефен Чинеду ва “Бухоро” футболчиси Шерзод Эсанов эса 8 тадан гол билан кейинги поғоналарни банд этган.

Ўзбекистон Суперлигасининг 20-тур баҳслари 3–5 сентябрь кунлари ўтказилади. Турнинг энг қизиқарли учрашувларидан бири Қаршида “Насаф” ва “Нефтчи” ўртасида бўлиб ўтади. Пешқадам “Нефтчи” учун ушбу баҳс чемпионлик пойгасидаги устунлигини сақлаб қолиш нуқтаи назаридан муҳим.
Шунингдек, “Пахтакор” ўз майдонида “Андижон”ни қабул қилади. Айни пайтда пойтахт клуби пешқадам “Нефтчи”дан 5 очко ортда бормоқда. Шу боис “Пахтакор” учун ҳар бир очконинг аҳамияти юқори.
20-турнинг тўлиқ тақвими қуйидагича:
3 сентябрь, 19:00 — ОКМК — “Хоразм”;
4 сентябрь, 18:00 — “Бунёдкор” — “Сурхон”, “Навбаҳор” — “Локомотив”, “Насаф” — “Нефтчи”, “Пахтакор” — “Андижон”;
5 сентябрь, 18:00 — “Сўғдиёна” — “Машъал”, “Қўқон-1912” — “Динамо”, “Қизилқум” — “Бухоро”.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА