Ўзбекистон от спортида янги саҳифа очилди
Германиянинг Аахен шаҳрида Халқаро от спорти федерацияси — FEI томонидан жаҳон чемпионати ташкил этилди.
Тўрт йилда бир маротаба ўтказиладиган мазкур нуфузли мусобақа от спорти оламидаги энг йирик халқаро спорт тадбирларидан бири ҳисобланади. Жаҳон чемпионати якунлари бўйича халқаро от спорти соҳасининг етакчи вакиллари иштирокида учрашув ўтказилди.
Унда Ўзбекистон от спорти федерацияси раиси Баҳромжон Ғозиев ҳам иштирок этди. Тадбир доирасида Ўзбекистон вакиллари FEI президенти Ингмар де Вос ҳамда ташкилот бош котиби Сабрина Ибаньес билан учрашди. Мулоқот давомида халқаро от спортининг бугунги ривожи, Ўзбекистонда ушбу спорт турини янада оммалаштириш, шунингдек, мамлакатимиз спортчиларининг халқаро мусобақалардаги иштирокини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этиш жоиз, Аахендаги жаҳон чемпионатида илк бор икки нафар ўзбекистонлик чавандознинг иштирок этгани мамлакатимиз от спорти тарихида муҳим воқеа бўлди. FEI раҳбарияти билан ўтказилган мазкур учрашувлар эса Ўзбекистоннинг халқаро от спорти ҳамжамияти билан ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА