Суперлига: Наманганда голлар шоуси
Ўзбекистон Суперлигасида 17-тур учрашувлари қизғин кечмоқда.
Намангандаги «Марказий» стадионда «Навбаҳор» ўз майдонида «Бунёдкор»ни 4:3 ҳисобида мағлуб этди. Учрашувда Муҳаммадали Ғиёсов, Ҳусайн Норчаев, Диёр Холматов ва Руслан Жиянов наманганликлар сафида гол урган бўлса, меҳмонлар таркибида Сардор Абдунабиев, Дмитрий Плетнёв ва Фаҳриддин Муҳаммадов ўз номини таблога ёздирди.
Самарқандда «Динамо» ва «Хоразм» жамоалари ўртасидаги баҳсда эса ғолиб аниқланмади — 2:2. Самарқандликлар сафида Беҳрузбек Облақулов ва Жаҳонгирбек Абдусаломов гол урган бўлса, «Хоразм»га Рустам Абдуҳамидов ҳамда Диёрбек Ортиқбоевнинг голлари бир очко тақдим этди.
Турнинг яна бир учрашувида «Қизилқум» «Машъал»ни 2:0 ҳисобида енгди. Отабек Жўрақўзиев ва Шаҳзод Раҳматуллаевнинг голлари навоийликларга ғалаба келтирди.
Бугун, 15 август куни эса Қўқон шаҳрида «Қўқон-1912» ва «Локомотив» жамоалари баҳси бўлиб ўтади. Учрашув соат 19:00 да бошланади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА