Суперлига: 26-турдан сўнг жадвалдаги вазият қандай?
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасида 26-турнинг еттита учрашуви ортда қолди. Тур доирасида «Пахтакор», «Динамо», «Навбаҳор» ва ОКМК ғалаба қозонган бўлса, учта баҳс дуранг билан якунланди. Турнинг қолдирилган «Нефтчи» — «Бунёдкор» учрашуви 14 ноябрь куни ўтказилади.
Турнинг дастлабки учрашувлари 30 октябрь куни ўтказилди. «Пахтакор» сафарда «Хоразм»ни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. «Сўғдиёна» ўз майдонида «Бухоро» билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. «Қўқон-1912» ва «Қизилқум» ўртасидаги баҳсда эса ҳисоб очилмади — 0:0.
«Навбаҳор» водий дербисида «Андижон»ни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Учрашув тақдирини 58-дақиқада Ҳусайн Норчаев томонидан киритилган гол ҳал қилди. Ғузорда кечган «Машъал» — «Динамо» учрашувида самарқандликлар 3:0 ҳисобида ишончли ғалабага эришди. Меҳмонлар сафида Жаҳонгирбек Абдусаломов, Анвар Ҳожимирзаев ва Фирдавс Абдураҳмонов гол муаллифи бўлди.
«Сурхон» ва «Насаф» ўртасидаги баҳс 1:1 ҳисобида якунланди. Торнике Дзебниаури мезбонларни ҳисобда олдинга олиб чиққан бўлса, Сардорбек Баҳромов мувозанатни тиклади. Учрашувнинг 84-дақиқасида «Насаф» футболчиси Муродбек Раҳматов майдондан четлатилди.
«Локомотив» — ОКМК учрашувида 1:2 ҳисоби қайд этилди.

Шу тариқа 26-тур якунларига кўра «Нефтчи» 58 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Фарғоналиклар 25 та учрашув ўтказган. «Пахтакор» 26 та ўйиндан кейин 56 очко билан иккинчи, «Навбаҳор» эса 52 очко билан учинчи ўринда бормоқда.
ОКМК 45 очко билан тўртинчи, «Насаф» ва «Бухоро» 42 очкодан жамғарган ҳолда бешинчи ва олтинчи ўринларни эгаллаган. Кейинги поғоналарда «Локомотив» — 40, «Қизилқум» — 35, «Динамо» — 34, «Андижон» — 31 очко билан жойлашган.
«Сўғдиёна» ва «Сурхон» ҳисобида 30 очкодан мавжуд бўлиб бу жамоалар 11-12 ўринда қайд этилган. «Бунёдкор» 25 та учрашувдан кейин 26 очко билан 13-ўринда бормоқда. «Қўқон-1912» 24, «Хоразм» 23 очко тўплаган. «Машъал» эса бор-йўғи 4 очко жамғариб, турнир жадвалининг сўнгги поғонасидан жой олган.
Маълумот учун, 26-турнинг қолдирилган «Нефтчи» — «Бунёдкор» учрашуви 14 ноябрь куни ўтказилиши белгиланган ва ушбу ўйин натижаси ҳар иккала жамоанинг жойлашган ўрнига тасир этмайди.

Ўзбекистон Суперлигасида 26-тур учрашувларидан кейин чемпионатнинг энг яхши тўпурари номига даъвогар футболчилар ўртасидаги рақобат давом этмоқда.
Айни пайтда «Сўғдиёна» ҳужумчиси Люпчо Дориев 15 та гол билан тўпурарлар рўйхатини бошқариб бормоқда. «Нефтчи» вакили Стипе Перица 14 та гол билан иккинчи ўринда жойлашган. «Локомотив» футболчиси Темурхўжа Абдухолиқов эса 13 та тўп киритиб, кучли учликни якунлаб турибди.
Кейинги ўринларда «Динамо» ҳужумчиси Анваржон Ҳожимирзаев 11 та гол билан бормоқда. «Навбаҳор» вакили Ҳусайн Норчаев, «Пахтакор» футболчиси Достонбек Ҳамдамов, «Бухоро» аъзоси Шерзод Эсанов ҳамда «Насаф» ҳужумчиси Бобур Абдухолиқов ҳисобида 10 тадан гол мавжуд. Шунингдек, «Нефтчи» вакили Зоран Марушич ва «Пахтакор» футболчиси Стефен Чинеду 9 тадан гол билан тўпурарлар рўйхатидан жой олган.

Ўзбекистон Суперлигасида 27-тур баҳслари 5–8 ноябрь кунлари бўлиб ўтади. Тур доирасида саккизта учрашув ташкил этилади. Турнинг илк учрашувида 5 ноябрь куни «Бунёдкор» ўз майдонида «Хоразм»ни қабул қилади. Беллашув соат 18:30 да бошланади.
6 ноябрь куни «Сўғдиёна» ва «Динамо» жамоалари майдонга тушади. Учрашув соат 18:30 га белгиланган. 7 ноябрь куни учта баҳс ўтказилади. Соат 16:00 да «Андижон» — «Локомотив», 16:15 да «Машъал» — «Сурхон», 18:30 да эса «Қизилқум» — «Навбаҳор» учрашувлари бўлиб ўтади.
Турнинг сўнгги куни яна учта беллашув ташкил этилади. Соат 16:00 да «Нефтчи» — ОКМК ҳамда «Бухоро» — «Насаф» баҳслари бошланади. Куннинг марказий учрашувларидан бири «Пахтакор» ва «Қўқон-1912» жамоалари ўртасида кечади. Ушбу беллашув соат 18:15 да старт олади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА