“Президент олимпиадаси”: Медаллар жамғаришда Самарқанд етакчи
Бугун, 2 ноябрь куни спорт ишқибозлари “Президент олимпиадаси”нинг еттинчи кунги мусобақалар дастуридан ўрин олган 7 та спорт туридаги шиддатли баҳсларга гувоҳ бўлади.
Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида бокс, “Олимпия шаҳарчаси” спорт мажмуаларида эркин кураш, гандбол, соҳил волейбол, теннис, баскетбол ва пара сузиш баҳслари бўлиб ўтади.

Кеча Бўстонлиқ туманида велошоссе бўйича ўтказилган мусобақаларда ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган 100 нафарга яқин спортчилар ўз маҳоратларини намойиш этди. Турнир давомида иштирокчилар 10 км масофага жамоавий "микст" эстафета беллашувларида қатнашди.
Муросасиз кечган баҳслар якунида Қорақалпоғистон Республикаси жамоаси 1-ўринни банд этди. Кейинги поғоналардан Тошкент ва Жиззах вилояти жамоалари жой олди.
Энди велоспортчилар 3-5 ноябрь кунлари мамлакат терма жамоаси учун муносиб номзодларни аниқлашда муҳим аҳамият касб этадиган "Президент олимпиадаси" дастуридаги велотрек мусобақаларида куч синашади.
[gallery-32308]
Ортда қолган олтинчи кун давомида аёллар кураши ва юнон-рум кураши йўналишидаги беллашувлар совриндорлари номи маълум бўлди.
Аёллар кураши беллашувларининг кечаги кунги натижаларига кўра, сурхондарёлик Шодия Холмўминова ва Ҳулкар Баҳриддинова, қашқадарёлик Кумуш Кўчкинова, юнон-рум курашида самарқандлик Муҳаммадюсуф Шокиралиев, Умиджон Маҳмудов, Акбаршоҳ Эшмирзаев, Азамат Худойназаров, фарғоналик Абдурауф Абдумажидов ўз вазн тоифаларида ғолибликка эришди.
Олтинчи кунги мусобақалар якуни ҳолатида Самарқанд вилояти жамоаси 17 та олтин, 13 та кумуш ва 10 та бронза медали билан умумжамоада Хоразм вилоятини ортда қолдириб, 1-ўринга кўтарилиб олди. Ўз навбатида, хоразмликлар 16 та олтин, 8 та кумуш, 16 та бронза медали билан 2-ўринга тушди. 3-ўринни банд этган Қашқадарё вилояти ёш спортчилари ҳисобида 13 та олтин, 19 та кумуш ва 16 та бронза медали мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, 8 ноябрга қадар давом этадиган “Президент олимпиадаси” дастуридан ўрин олган 26 та спорт турининг 8 тасида баҳслар якунланди. Мусобақалар давомида бугунгача 115 та медаллар жамланмаси ўз эгаларига топширилди.
Тўлқин Рўзиев,
Алимурод Мамадаминов (сурат)
ЎзА