Супер сешанба. Натижадан Трампнинг боши осмонда
Ўтган ҳафта, аниқроғи 5 март куни АҚШда президентлик сайлови жараёнининг муҳим босқичи – номзод кўрсатиш учун сайлов олди овоз бериш тадбири бўлиб ўтди. Бир неча штатда бир вақтнинг ўзида уюштирилган ушбу маросимни, америкаликлар, анъанага мувофиқ, “Супер сешанба”, деб аташди.
Бу гал АҚШ собиқ Президенти Дональд Трамп республикачилар партияси ичида бўлиб ўтган президентликка номзод кўрсатиш маросими (праймериз)да ишончли ғалабани қўлга киритди. У “Супер сешанба” ҳаётидаги “ажойиб, илҳомлантирувчи кун” бўлганини таъкидлади.
– Ажойиб кун ва оқшом, мамлакатимиз тарихида қоладиган лаҳзалар, – деди Трамп Флорида штатида тарафдорлари қаршисида чиқиш қилиб.
Америка матбуоти ёзишича, Трамп 15 штатнинг 11 тасида ғалабага эришиб, партиядоши, ягона рақиби – АҚШнинг БМТдаги собиқ доимий вакили Никки Хейлидан яққол устунлигини намойиш қилган. Фақат Аляска, Вермонт, Юта ва Калифорния штатларида овоз бериш натижас ҳали номаълум.
NBC телеканали таъкидлашича, собиқ президентга 664 делегат овоз берган, Хейлига эса 46 нафар. Ноябрда бўлиб ўтадиган президент сайловига Республикачилар партиясидан номзодликни қўлга киритиш учун Трампга жами 1215 делегатнинг қўллови зарур.
АҚШда президент сайлови қандай ўтади?
АҚШ президенти сайлови икки босқичдан иборат. Дастлаб штатлар аҳолиси сайловчилар жамоаси аъзолари, яъни маъмурий бирлик вакиллари учун овоз беради. Иккинчи босқичда айнан ушбу вакиллар давлат раҳбари лавозимини ким эгаллашини аниқлаб беради. Сайловчилар миқдори штатларнинг Конгрессдаги вакиллари сонига боғлиқ.
Бунгача, сайлов бўладиган йилнинг биринчи ярмида, ҳар бир сиёсий бирлашма ичида бошланғич сайловлар ўтказилиб, муайян фракциядан президентликка номзодни тасдиқлайдиган делегатлар аниқланади.
Овоз бериш икки шаклда кечади: праймериз ва кокус. Биринчиси – барча мамлакатлардагидек бюллетен ва сайлов қутиси кўринишида. Штатлар юритадиган сиёсатга кўра, бу жараёнда барча сайловчилар ёки фақат партия аъзолари иштирок этиши мумкин. Иккинчи шакл – партия тарафдорлари йиғинида у ёки бу номзодни қўллаш бўйича баҳс-мунозара уюштирилади. Натижада президентлик лавозимини эгаллашга интилаётган ҳар бир даъвогар маълум бир миқдорда делегатга эга бўлади. Улар ўз навбатида партия қурултойида ягона номзод сайлайди. Республикачилар қурултойи июлга, демократларники августга режалаштирилган.
“Супер сешанба”тарихига назар
“Супер сешанба” феномени 1980-йилларда пайдо бўлган. Ўшанда бир неча кичик штатда бир куннинг ўзида бошланғич сайлов ўтказишга қарор қилинган. Бундан кўзланган мақсад президент пойгаси жараёнига таъсирни ошириш эди. Шундан буён мазкур тадбир мунтазам ўтказиб келинади.
Шу тариқа “Супер сешанба” бошланғич сайлов кампаниясининг муҳим бўлагига айланди, чунки шу куни партия делегатларининг қарийб учдан бири сайланади. Таъкидлаш жоиз, сайлов олди пойгасининг бошқа даврларида бундай ҳолат кузатилмайди. Президентликка номзод учун шу куни эришиладиган ғалаба сайловнинг асосий босқичига чиқиш эҳтимолини кескин оширади.
2024 йилги “Супер сешанба” 14 штатда ўтди. Сайлов жараёнида делегатларга Америка Самоаси ҳам қўшилади. Ушбу ҳудуд АҚШ таркибига конституцион даражада интеграция қилинмаган. Шу боис ҳудуд аҳолиси президент учун овоз бера олмайди, бироқ партиялардан номзодни танлаш ҳуқуқига эга.
Шу кунгача бўлиб ўтган праймериз натижасига кўра, республикачилар партиясидан фаворит Дональд Трамп Никки Хейлини сезиларли даражада ортда қолдиряпти (ҳафта давомида Хейли курашни тўхтатганини эълон қилишгга ҳам улгурди – Таҳририят).
Демократларда нима гап?
АҚШ демократик партияси, деярли, бир овоздан амалдаги давлат раҳбари Жо Байденни қўллаб-қувватлаяпти. Унинг рақиби – конгрессмен Дини Филлипсга атиги 7 фоиз делегат овози насиб қилган.
Умуман, таъкидлаш керак, рақобатнинг паст даражаси ҳукмрон партияларга хос ҳолат.
Президентлик кампанияси кимнинг ҳисобидан молиялаштирилади?
АҚШда президентликка номзодлар сайлов олди кампанияси учун молиялаштиришнинг шахсий, донорлик, яъни жисмоний ёки юридик шахлар маблағи, партия қўмиталари ишлатадиган турли жамғармалар, қўмиталар сиёсий фаоллиги учун тўпланган, корпорациялар, касаба уюшмалари ёки сиёсатчилар томонидан тасдиқланган мустақил ташкилотлар ҳамда марказлаштирилган хайрия пуллари каби турли шаклларидан фойдаланиши мумкин.
Дарвоқе, куни кеча “Bloomberg” агентлиги тегишли манбаларга таяниб, Трамп Республикачилар партиясидан президентликка номзод сиёсий фаолиятини молиялаштириш учун ҳомий қидираётган пайт миллиардер Илон Маск билан учрашганини ёзди.
Мустақил номзод ҳам президентликка даъво қилиши мумкинми?
1853 йилдан буён АҚШ Президентлигига Республикачилар ёки Демократлар партиясидан номзод сайлаб келинмоқда. Аслида, олий лавозим учун курашда мустақил номзод ёки майда партиялар тақдим этган вакил ҳам қатнашиши мумкин. Бундай даъвогар ўз исми-шарифини сайлов бюллетенида кўриши учун аввал махсус декларация ва ариза тўлдириши, шунингдек ҳар бир штатда ўзини қўллаб-қувватловчи имзо йиғиши керак. Масалан, 2024 йил юқорида номи келтирилган икки партия вакилларидан ташқари, мустақил номзод сиёсатчи ва радио бошловчиси кичик Роберт Кеннеди ҳамда фалсафа профессори, сиёсий фаол Корнел Уэст, шунингдек яшиллар партиясидан шифокор Жилл Стайн ҳам президентликка даъво қилмоқда.
С.Раҳимов,
ЎзА