Сунъий интеллект: замонга мослашиш, рақамли ҳаётга кўникиш – давр талаби
Сал олдин ҳаммаминг уйида телевизор бормиди? Эслайсизми, яқин йилларда хонадонимизда телефон ёки компьютернинг бўлиши ҳам ҳайратланарли ҳолат эди. Бугун уларсиз яшашни тасаввур қилиб кўринг.

Бугунги кунда иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа, давлат бошқаруви тизимида сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланила бошланди. Замоннинг шитоби шунча бўладими? Лекин замонга мослашиш, рақамли ҳаётга кўникиш – давр талаби.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрда “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинган эди. Ҳужжатга кўра, “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга оширишга қаратилган қатор вазифалар белгилаб берилган.
Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти директорининг илм-фан бўйича ўринбосари Нилуфар АЪЗАМОВА билан айни масалалар юзасидан суҳбатлашдик.
– Сунъий интеллект имкониятларидан бугун қанчалик фойдаланяпмиз?
– Бугун мамлакатимизда сунъий интеллектдан таълим, медиа, транспорт, соғлиқни сақлаш, суд ва бошқа кўплаб соҳаларда фойдаланилмоқда. Дунёда ҳозирча сунъий интеллект ривожланишининг аниқ салбий ёки ижобий томонлари яққол кўрингани йўқ. Баъзилар у, баъзилар бу фикрда. Вақт – ҳакам. Лекин биз янгиликка интилаверишимиз керак. Масалан, тиббиёт учун сунъий интеллектнинг кириб келиши бир қанча қулайликларни туғдирмоқда. Тизимда шахсийлаштириш, автоматлаштириш, диагностика аниқлигини ошириш ва бошқа йўналишларда қўл келмоқда. Бундан ташқари, биз билган GPS, радар, турникет, кўча ёритгичлари каби воситалар сунъий интеллект элементлари билан бойитилмоқда.
Сунъий интеллектнинг акс таъсир этувчи жиҳатлари ҳам йўқ эмас. Дейлик, этика масалалари, меҳнат бозорига таъсири, ахборот хавфсизлигига таҳдидлар ҳамда технологияларга қарамлик кучаяди.
– Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институтида айнан ижтимоий соҳага оид қандай лойиҳалар амалга оширилмоқда?
– Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси томонидан 11 та лойиҳа молиялаштирилган. Уларнинг барчаси ижтимоий соҳаларга оид. Масалан, Ўзбекистон Миллий гербарий фонди учун мўлжалланган лойиҳа ҳақида қисқача гапираман. Унинг мақсади рақамлаштириш, интеллектуал таҳлил ўтказиш ҳамда сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш орқали тадқиқотлар самарадорлигини оширишдан иборатдир.
Яна бир лойиҳа эса тартибга солинмаган чорраҳаларда қўлланилади. Бу пиёдалар ўтиш жойларида йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш учун интеграциялашган ақлли тизим саналади.
Мультиспирал компьютер томография (МСКТ) маълумотлари асосида протезлаш технологиясини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, ўткир миокард инфарктидан кейин 12 ойлик реабилитация дастурини шахсийлаштириш ва назорат қилиш учун онлайн-платформа ишлаб чиқиш каби лойиҳалар бўйича ҳам изланишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, жигар циррози ва гепатокарциномани эрта ташхислашда ақлли тизимини ишлаб чиқиш каби лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, геоахборот тизимлари ва сунъий йўлдош тасвирларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон ўрмонлари ҳолатини самарали мониторинг қилиш учун инновацион дастурий маҳсулотни ишлаб чиқиш ва босқичма-босқич жорий этиш кўзда тутилган.
Видеокузатув камералари асосида ёнғинни тезкор аниқлаб, хабар бериш тизими ҳам яратилмоқда.
– Лойиҳалар бўйича айнан қайси хорижий инновацион ва илмий муассасалар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган?
– Кўплаб хорижий давлатларнинг институтлари балан ишланмоқда. Хусусан, Жанубий Корея, Хитой, Ҳиндистон ва Буюк Британиядаги илмий муассасалар билан ҳамкорлик ўрнатган. Айтайлик, Рақамли технологиялар вазирлиги ва БАА Илғор технологиялар илмий-тадқиқот кенгаши билан Falcon тил модели асосида ўзбек тил моделини яратиш бўйича пилот лойиҳа амалга оширилмоқда. Россиянинг Sber компанияси билан эса GigaChat тил моделини ўзбек тилига мослаштириш режалаштирилмоқда.
– Сунъий интеллект ёрдамида турли ёлғон ахборотларни ҳам оммага сиздириш ҳолатлари учрайди. Бунинг олдини олиш борасида қандай лойиҳалар бор?
– Ёлғон ахборот яратувчилар ва тарқатувчилар ҳамиша бўлган. Технологиялар имкониятларидан табиийки, улар ҳам фойдаланади. Сунъий интеллект ёрдамида ҳақиқийдан ажратиб бўлмас ёки шунга яқин ёлғон маълумотлар яратилади.
Масалан, дастлабки «сохта сурат»лар ХIХ асрдаёқ қайд этилган. Шундан бери турли техника, хусусан, ўтган асрда фотошоп каби дастурлар ва ҳозир сунъий интеллект орқали «ёлғон» фото, видео ва овоз яратиш имконияти кенгайди.
Албатта, бу жуда долзарб муаммо. Кимдандир яқин инсонининг овозини сохталаштириб пул ундириш, сохта сурат ва видео ёрдамида таъмагирлик қилиш, ижтимоий фикрни манипуляция қилиш каби ҳолатлар барчани хавотирга солиши табиий.
Бу муаммога технологик, ҳуқуқий ва бошқа турли ёндашувлар билан курашиш мумкин. Ҳуқуқий ёндашувга мисол сифатида 2024 йил март ойида Европа Иттифоқининг Сунъий интеллект тўғрисидаги қонуни (AI Act) қабул қилинганни келтириш мумкин. Унга кўра, сунъий интеллект ишлаб чиқарувчи ва интеграторларига фойдаланувчиларни чатботлар, "deepfake"лар каби сунъий интеллектдан фойдаланиш ёки ўзаро алоқада бўлиши ҳақида хабардор қилиш мажбурияти юклатилди.
Технологик ёндашувга мисол келтирадиган бўлсак, “Nikon”, “Sony Group” ва “Canon” каби камера ишлаб чиқарувчилар ўзларининг камераларига олинган тасвирларнинг келиб чиқиши ва яхлитлигини тасдиқлайдиган рақамли имзоларни киритиш устида ишламоқда. Ушбу рақамли имзо орқали ҳар ким махсус Verify веб-сервисида тасвирнинг ҳақиқийлигини бепул текшира олади. Агар расм сунъий интеллект ёрдамида яратилган ёки ўзгартирилган бўлса, Verify «контент маълумотлари йўқ» деб хабар беради. Ижтимоий тармоқлар эса бу имзога асосан тегишли чекловлар киритиши ва сохта маълумотлар тарқалишини тақиқлаши мумкин.
Лойиҳаларга келсак, дипфейклар – қиёфа ва овозларни алмаштириш технологияси генератив рақобатли тармоқлар орқали яратилади. Яъни иккита нейрон тармоқ бир-бири билан рақобатлашиб борган сари “малакасини” оширади.
Шунинг учун дипфейкни – “имзо” ёки белгисиз тасвирни ўзига қараб ажрата оладиган сервис яратиш масаласи жуда мураккаб. Бу янгича ёндашув ва ечимларни талаб қилади. Шунга қарамай, бизда ҳам тасвир ва видео маълумотларнинг сунъий интеллект технологиялари ёрдамида яратилганлигини аниқлашга мўлжалланган нейрон тармоқ моделлари ва алгоритмларни ишлаб чиқиш, улар асосида махсус веб-сервис яратиш пилот лойиҳаси таклиф этилган. Бу эса ҳозирда кўриб чиқилмоқда.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, авваламбор, аҳолининг рақамли саводхонлик ва ахборот гигиенаси кўникмаларини ошириш керак.
Халқаро даражадаги сўровларга асосан дунё аҳолисининг 71 фоизи дипфейклардан бехабар. Фуқаролар, айниқса, ёши катта инсонлар ва болаларни ҳозирги технология имкониятлари билан таништириш керак. Янгиликларни фақат ишончли манбалардан ўқиш, танқидий ёндашишга ҳаракат қилиш лозим.
Марҳабо МАДАМИНОВА, ЎзА мухбири