Сунъий интеллект имкониятлари барча учун очиқ бўлиши керак
Бугун сунъий интеллект иқтисодиёт, таълим ва илм-фан ривожига тобора катта таъсир кўрсатмоқда. Бироқ бу технологиялардан фойдаланиш имкониятлари барча мамлакатларда бирдек эмас. Шу боис замонавий технологиялардан фойдаланиш шароитини кенгайтириш, мутахассислар тайёрлаш ва мамлакатларнинг ўз салоҳиятини ривожлантиришини қўллаб-қувватлаш халқаро ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда.
Хитойда эълон қилинган янги ҳисоботда ҳам сунъий интеллект соҳасидаги имкониятларни кенгайтириш, технологик тафовутни қисқартириш ва ривожланаётган мамлакатларнинг мустақил салоҳиятини ошириш масалаларига эътибор қаратилган.
23 октябрь куни Хэбэй провинциясининг Сюнъань янги ҳудудида Глобал бошқарув масалалари бўйича 2026 йилги форум очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, ташқи ишлар вазири Ван И ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг мурожаатини ўқиб эшиттирди ва асосий маъруза билан чиқиш қилди. Шунингдек, глобал бошқарув ташаббусини амалга оширишга қаратилган саккизта амалий чора, жумладан, сунъий интеллект соҳасида салоҳиятни ривожлантириш режаси ижросига бағишланган ҳисобот эълон қилинди.
Фудань университети қошидаги Сунъий интеллект инновациялари ва глобал бошқарув маркази томонидан тайёрланган ҳужжатда режанинг икки йиллик ижроси сарҳисоб қилинган, амалий лойиҳалар ва келгусидаги устувор вазифалар кўрсатилган.
Ҳисоботда қайд этилишича, Глобал Жануб мамлакатлари учун сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш имкониятининг ўзи етарли эмас. Бу борада рақамли ва саноат инфратузилмасини ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш, маълумотлар базаси ҳамда тил ресурсларини шакллантириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Хитой икки йил аввал сунъий интеллект соҳасида салоҳиятни ривожлантириш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган режани илгари сурган эди. Ҳисоботда ушбу ташаббус доирасида халқаро ҳамкорликни кучайтириш, техник ёрдамни кадрлар тайёрлаш, технологияларни амалиётга татбиқ этиш ва хавфсизлик механизмларини такомиллаштириш билан уйғунлаштиришга эътибор қаратилган.
Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида сунъий интеллект соҳасида салоҳиятни ривожлантириш бўйича халқаро ҳамкорлик дўстлари гуруҳи орқали ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилмоқда.
Ҳисоботда режанинг ўнта асосий йўналиши бўйича амалий мисоллар келтирилган. Улар орасида сунъий интеллектни ривожлантиришдаги техник тўсиқларни камайтиришга хизмат қилувчи FlagOS очиқ ҳисоблаш платформаси, табиий офатлардан эрта огоҳлантиришга қаратилган “Мацзу” тизими ҳамда соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ташаббуслари бор.
Бундан ташқари, фундаментал илмий тадқиқотлар учун йирик сунъий интеллект моделларини ишлаб чиқиш, кўп тилли катта тил моделларини яратиш, мутахассислар тайёрлаш, маълумотларни бошқариш ва чегаралараро ахборот алмашинуви хавфсизлигини таъминлаш каби йўналишлар қамраб олинган.
Ҳисобот муаллифлари икки йиллик тажриба асосида тўртта муҳим хулосани илгари сурган. Биринчиси – технологиялардан фойдаланиш имкониятини яратиш якуний мақсад эмас, балки мустақил ривожланиш учун дастлабки қадамдир. Иккинчиси – лойиҳаларнинг самарадорлиги уларнинг реал эҳтиёжларга мослиги ва ҳамкорлик тамойилларига боғлиқ. Учинчиси – маълумотлар, моделлар, кадрлар ва бошқарув механизмларини биргаликда ривожлантириш зарур. Тўртинчиси эса очиқ кодли ечимлар ва технологиялар очиқлиги сунъий интеллектдан кенг фойдаланиш имкониятларини оширишда муҳим ўрин тутишидир.
Ҳужжатда технологик тафовутни қисқартириш узоқ муддатли ва тизимли ёндашувни талаб қилиши ҳам таъкидланган. Бунинг учун давлат идоралари, илмий муассасалар, бизнес ва халқаро ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, таълим ва техник ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, халқаро стандартлар ва бошқарув тамойилларини ишлаб чиқиш муҳимдир.
Фудань университети қошидаги марказ эса ушбу йўналишда илмий тадқиқотлар, халқаро мулоқот ва амалий ташаббусларни ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда.
Умуман, ҳисоботда илгари сурилган ёндашувлар сунъий интеллект тараққиётини фақат технологияларни яратиш билан чекламасдан, улардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва мамлакатларнинг ўз салоҳиятини мустаҳкамлаш билан боғлиқ ҳолда кўриб чиқади. Бу борадаги халқаро ҳамкорликнинг муҳим вазифаси эса сунъий интеллект имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш учун зарур шароит яратишдан иборат.
Нилуфар Бозорова, ЎзА