Суҳбат: йил сарҳисоби ва келгусидаги режалар
Ҳар бир йил ўз ниҳоясига етиб борар экан, албатта, сарҳисоб қилинади. Нималарга эришилди-ю, режадаги қай бир юмуш бажарилмай қолди. Келгусида йўл қўйилган хатоларни такрорламасдан, аниқ мақсадлар сари ишни ташкил этиш белгилаб олинади.
Ҳадемай юртимизда 2021 йилга якун ясалади. Хўш, якунланаётган йилда Хатирчи туманини ҳар томонлама ривожлантириш ва юксалтириш йўлида нималарга эътибор қаратилди? ЎзА мухбири туман ҳокими Сайфиддин НИЗАМОВ билан суҳбатлашди.
– Мустақил давлатимиз 2022 йилга қадам қўймоқда, – дейди Сайфиддин Низамов. – Эришган натижалар тарихга айланиб, олдимизда янги-янги ўзгаришларни амалга ошириш бўйича улкан вазифалар ва имкониятлар пайдо бўлмоқда.
“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да қанчалик қийин бўлмасин, туманни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожланишининг барқарор кўрсаткичларига эришиш бўйича сектор раҳбарлари ва бошқа мутассади ташкилотлар билан биргаликда бир қатор ишлар олиб борилди.
Хусусан, 2020 йилга нисбатан йил якунида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 107,2 фоизга, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш 101 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 100,5 фоизга, қурилиш-пудрат ишлари 106,1 фоизга, чакана савдо айланмаси 107,8 фоизга, хизматлар ҳажми 112 фоизга ҳамда экспорт ҳажми 3,9 бараварга ўсиши кузатилди.
Шунингдек, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2020 йилга нисбатан 172 миллиард сўмга ошиб, аҳоли жон бошига 4,4 миллион сўмни ташкил этмоқда. Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳамжи 1,9 миллион сўмни, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 16,5 миллион сўмни, чакана савдо айланмаси 3,4 миллион сўмни, хизматлар ҳажми 2,3 миллион сўмни ташкил этиб, ижтимоий қўллаб-қувватлашга ажратилган маблағлар 2020 йилга нисбатан 3 бараварга ошмоқда.
Аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида 4672 та янги иш ўрни яратилиб, аҳолининг ишсизлик даражаси йил бошидаги 9,8 фоиздан 8,9 фоизга камайди.
Бундан ташқари, бюджетга 64 миллиард сўмлик, шундан, маҳаллий бюджетга эса 59 миллиард сўмлик тушумлар туширилиб, туман ихтиёрига 5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ қолишига эришилмоқда. Бу эса ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлашга, аҳолининг турмуш даражасини янада юксалтиришга сарфаланади.
– Туманда ижтимоий дафтарларга киритилган фуқаролар бандлигини таъминлаш борасида қилинган ишлар нималардан иборат?
– Туманда ўрганишлар натижасида аниқланган “Темир дафтар”га киритилган 3600 та оиланинг “Saxovat.argos.uz” ахборот тизими маълумотига кўра, бугунги кунда эҳтиёжманд оилалар таркибида бўлган 4 минг 245 нафар меҳнатга лаёқатли ишсизларнинг 4 минг 238 нафарининг бандлиги таъминланди.
2 босқичда ўтказилган хатловлар натижасида “Аёллар дафтари”га 2638 нафар хотин-қиз киритилди. Шундан, 1468 нафар ишсиз хотин-қиз аниқланиб, уларнинг бандлиги таъминланди.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 2368 нафар хотин-қизнинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари ижобий ҳал қилиниб “Аёллар дафтари”дан чиқарилди.
Шунингдек, туманда жорий йилнинг 1 ноябрь холатига ўтказилган сўровномалар натижасида “Ёшлар дафтари”га 4982 нафар ёш киритилган эди. Шундан, 4681 нафар ёш дафтардан чиқарилган. Жумладан, уларнинг 2754 нафарини ишга жойлаштириш, кредит маблағлари ва субсидия ажратиш орқали тадбиркорликка жалб этиш ҳисобига бандлиги таъминланган бўлса, 1927 нафарининг ижтимоий, псхологик ва бошқа муаммолари ҳал этилиб дафтардан чиқарилган.
Бугунги кунда “Ёшлар дафтари”да қолаётган 193 нафар ёш меҳнатга лаёқатли ишсиз ҳисобланиб, уларнинг бандлигини таъминлаш учун барча зарурий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, туман “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳузурида ташкил қилинган “Саховат ва кўмак” жамғармасига бугунгача 3 миллиард сўм миқдорида ҳомийлик маблағлари келиб тушди. Маблағлар ҳисобидан эҳтиёжманд ва муҳтож оилаларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ тадбирлар амалга оширилди.
Мазкур маблағ ҳисобидан 2021 йил давомида мингга яқин фуқароларнинг соғлигини тиклаш, оилавий шароитини яхшилаш, боқувчисини йўқотган оила фарзандларининг кантракт шартнома пулларини тўлаб бериш, кам таъминланган оилаларнинг уй-жойларини таъмирлаб бериш, чорва моллари ва бошқа турдаги ижтимой кўмаклар кўрсатишга йўналтирилди.
Шу ўринда таъкидламоқчиманки, аҳолимиз орасида бирор корхона ёки ташкилотда ўзига қулай иш тополмаслиги натижасида меҳнат шартномаси, доимий иш ҳақига эга бўлмаган, бироқ турли мавсумий меҳнат ишлари билан банд бўлган ёки оиласида томорқа ишлари билан шуғулланиб, даромад топадиганлар кўпчиликни ташкил этарди.
Шунингдек, фермер хўжаликларида (айниқса боғдорчилик, узумчилик, пахта-ғаллачилик), қурилишда, транспорт хизматида, умумий овқатланиш корхоналарида, хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлганларнинг кўпчилиги, ўзини-ўзи банд қилган фуқороларимиз расмийлаштирилмаган эди. Уларнинг фаолияти ҳеч қаерда қайд этилмаслиги уларнинг пенсия ёшига етганда меҳнат стажи йўқлиги муаммосини келтириб чиқарарди.
Президентимиз томонидан 2020 йил 8 июнда қабул қилинган “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 67 та йўналишда фаолият юритиб келаётган бу каби фуқароларимизни норасмий фаолиятларини легаллаштиришда катта қадам бўлди.
Ушбу қарор асосида бугунгача 2533 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилган сифатда рўйхатга олинди.
– Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 апрелдаги “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан туманда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ташкил этиш борасидаги ишлар ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
– Туманимизнинг саноат салоҳиятини оширишда Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилган кичик саноат зонасининг ўрни беқиёс ва ҳудуднинг драйвери ҳисобланади.
Кичик саноат зонасида бугунги кунда қиймати 85 миллиард сўм бўлган 19 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Йил якунигача 3 та лойиҳа ишга туширилади ва 70 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланади.
– Навоий вилояти ўзининг инвестициявий салоҳияти билан бошқа ҳудудлардан алоҳида ажралиб туради. Айни пайтда хорижий инвестицяларни жалб қилиш борасида туманда нималарга эътибор қаратилмоқда?
– Жорий йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан умумий қиймати 517 миллиард сўм бўлган 93 та инвестиция лойиҳалари ишга туширилиб, бунинг натижасида 1 501 та янги иш ўрни яратилди.
Ушбу мақсадлар учун 86 миллиард сўм банк кредитлари, 22 миллион доллар хорижий кредит маблағлари, 180 минг доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар, 191 миллиард сўм лойиҳа ташаббускорларининг ўз маблағлари ўзлаштирилди.
Туманда экспорт салоҳиятини янада ривожлантириш ва янги турдаги маҳсулотларни экспортга жалб қилиниши юзасидан 2021 йил якуни бўйича маҳсулотлар экспортини қарийб 46 миллион долларга етказмоқчимиз.
Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни туман иқтисодиётига фаол жалб қилиш бўйича амалий ишлар давом эттирилиб, 3,3 миллион доллар инвестициялар ўзлаштирилди.
– Таълимга киритилган инвестиция энг фойдали инвестиция дейишади. Неча йилдирки, вилоят таълим тизими республикамизда олд ўринларда туради. Аммо 2020 йилда Хатирчи тумани “қизил ҳудуд”да эди. Хўш туманда таълим тизимини янада ривожлантириш бўйича қандай чора-тадбирлар амалга оширилди?
– Таълим ва тарбиянинг асосий пойдевори бу – мактаб. Мактабни мактаб қиладиган куч эса ўқитувчилардир.
Кейинги йилларда таълим соҳасига жуда катта эътибор қаратилиб келинмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, жорий йилда 3 та янги мактаб ва 1 та мактаб филиали ташкил қилинди. Бу эса ёш авлоднинг сифатли таълим олиши учун кенг имконятлар деганидир.
[gallery-5307]
Бугунги кунда тумандаги умумтаълим мактаблари сони 91 тани ташкил этмоқда. Шундан, 88 та умумий ўрта таълим мактаби, 1 та айрим фанлар чуқурлаштириб ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаб, 2 та ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабларидир. Шунингдек, 1 та “Баркамол авлод” болалар мактаби фаолият олиб бормоқда.
“ОPEN BUDJET-2021” жамоатчилик фикри асосида шаклланган тадбирларга овоз бериш натижалари бўйича 29 та мактабга 8,3 миллиард сўм ажратилиб, таълим муассасаларида таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари давом этмоқда. Шунингдек, 7 та мактаб филиалида жорий таъмирланиш ишлари бажарилди.
Тумандаги умумий ўрта таълим мактабларини 2021 йилда 2876 нафар ўқувчи битириб, шундан 1153 нафари ёки 40 фоизи олий ўқув юртларига ўқишга кирди.
Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, тумандаги энг юқори кўрсаткични 29, 31, 47, 62, 82, 88-сонли мактаблар қайд этиб, барча битирувчилари маҳаллий ҳамда хорижий ОТМларга талабаликка қабул қилинди.
– Маълумотларга кўра, 2017 йилда болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамров даражаси бор-йўғи 30-35 фоизни ташкил этган. Айни пайтда боғчаларга 3-7 ёшли болалар қамрови қай даражада?
– Ҳозирги кунда туманда жами 439 та, шундан 20 та давлат мактабгача таълим муассасаси, 16 та давлат хусусий шериклик асосида ва 403 та оилавий боғчалар фаолият юритиб, 3 ёшдан 7 ёшгача болалар қамрови 84 фоизни ташкил этмоқда.
Шунингдек, туманда 2929 нафар 6 ёшли болаларни бир йиллик мажбурий таълимга қамраб олиш ишлари бошланган.
Бугунги кунда тумандаги оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг моддий-техника базасини яхшилаб олиши учун 30 миллион сўм миқдорида имтиёзли 5 фоизлик кредитлар ажратилмоқда.
20-сонли мактабгача таълим ташкилотига болалар учун ўйингоҳ қуриш учун 150 миллион сўм ажратилди. Туманнинг олис “Бахшижар” ва “Майдонсой” МФЙларида мобиль боғча ташкил этилди.
Туманда давлат ва оилавий мактабгача таълим ташкилотларида қўшимча гуруҳлар очилиши натижасида давлат боғчаларида 32 та, оилавий нодавлат боғчаларда 160 та қўшимча иш ўрни яратилди.
Яқинда Хатирчи туманини 2021 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича кутилаётган натижалар ва 2022 йилда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар тўғрисида туман аҳолиси ва тадбиркорларга йўлланган мурожаатимизда келгуси йилда соҳалар кесимида бажарилиши лозим бўлган ишларимизни белгилаб олдик. Уларни тўла-тўкис, амалга ошириш учун барча шароит ва имкониятлар мавжуд.
– Суҳбат учун раҳмат.
ЎзА мухбири Абдували Бўриев суҳбатлашди.
Сирож Аслонов (сурат)