Суғурта стажи 10 ойга етмаган аёлларга декрет пули тўланмайдими?
Ҳуқуқий муносабатКўплаб бўлажак оналар учун декрет таътилига чиқиш арафасида энг долзарб ва хавотирли саволлардан бири — ҳомиладорлик ва туғиш нафақасининг («декрет пули») қандай тартибда ва кимларга тўланиши. Ўзбекистонда 2026 йилдан бошлаб давлат ижтимоий суғуртаси тизимига киритилган янги қоидалар бу борадаги тартиб-таомилларни тубдан ўзгартирди.
Хўш, эндиликда декрет нафақасини олиш учун маълум миқдорда суғурта стажи шаклланган бўлиши керакми?
Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Айгерим Арипбаева бунга қуйидагича тушунча берди:
–Ҳа, амалдаги тартибга кўра, декретга чиқиш вақтида суғурта стажи 10 ойга етмаса, Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси томонидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси (декрет пули) тайинланмайди. Бироқ, бу унга тегишли таътил берилмайди, дегани эмас.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 404-моддасига мувофиқ, ҳомиладор аёлга белгиланган тартибда берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асосида ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 17 декабрдаги 796-сон қарори билан тасдиқланган «Давлат ижтимоий суғуртаси доирасида вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик ҳамда ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тайинлаш ҳамда тўлаш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 7-банди «б» кичик бандида ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини олиш учун суғурта стажига оид талаблар белгиланган.
Унга кўра, нафақа олиш учун камида 10 ойлик суғурта стажи талаб этилади. Шунингдек, суғурта ҳодисаси юзага келган ойдан олдинги охирги олти ой давомида узлуксиз суғурта стажи мавжуд бўлиши керак.
Умумий қоида бўйича, минимал суғурта стажи талаби бажарилмаса, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тайинланмайди. Бироқ ходимнинг қонунчиликда белгиланган тартибда ҳомиладорлик ва туғиш таътилини олиш ҳуқуқи сақланиб қолади.
Демак, ходимда 10 ойлик суғурта стажи мавжуд бўлмаса, бу ҳолат унинг ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқиш ҳуқуқини ўз-ўзидан бекор қилмайди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА