Судья ва ёшлар учрашуви
Хоразм вилоятининг Янгиариқ тумани судида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ташкил этилди.
Унда ёшлар, жамоатчилик вакиллари, вилоят юридик техникуми ўқувчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбир аввалида иштирокчилар суд биносида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Улар суд мажлиси заллари, фуқароларни қабул қилиш хоналари, адвокатлар ва прокурорлар учун ажратилган махсус хоналар, шунингдек, суд архиви ва девонхонаси фаолияти билан танишиб, бу ерда фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби ҳамда судда ишларни юритиш ҳақида батафсил маълумот олди.


Очиқ мулоқот шаклида давом этган тадбирда судьялар томонидан суд ҳокимиятининг Конституциявий вазифалари, одил судловни амалга оширишнинг асосий тамойиллари, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий механизмлар хусусида тушунтиришлар берилди.

– Фуқароларнинг суд фаолияти ҳақидаги тасаввури фақат суд қарорлари билан эмас, балки суднинг очиқлиги, шаффофлиги ва аҳоли билан мулоқот қилиш маданияти орқали ҳам шаклланади, – дейди Янгиариқ туман суди раиси Ҳамид Авезов. – Шу сабабдан, мулоқот чоғида ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, кибержиноятлар, гиёҳвандлик ва бошқа салбий иллатларнинг оқибатларини тушунтириб беришга ҳаракат қилдик.


Мулоқот давомида судьялар томонидан ҳар бир фуқарода қонунга ҳурмат руҳини мустаҳкамлаш, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ва жиноятчиликнинг олдини олишда шахсий масъулият муҳим экани алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида суд тизимини рақамлаштириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ва коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.
Тадбир давомида ёшларнинг билдирган қизиқиши ва фаол иштироки уларнинг ҳуқуқий билимга бўлган эҳтиёжи ва интилишини намоён этди. Ушбу мулоқот орқали ёшлар судни фақат қарор қабул қилувчи идора сифатида эмас, балки инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилувчи очиқ ва адолатли тизим сифатида ҳам ўрганди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири