Судлар адолат қўрғони бўлмоғи лозим
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида сўзлаган нутқида БМТнинг дин ёки эътиқод эркинлиги, судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиларининг тавсиялари Ўзбекистонда алоҳида эътиборга олинаётганини маълум қилиб, Судьялар кенгашлари фаолиятининг универсал принципларини ишлаб чиқиш масаласи кўриб чиқилиши бўйича таклиф киритди.
Маълумки, мамлакатимизда судлар фаолиятини ислоҳ қилиш борасида изчил иш олиб борилмоқда. Кейинги йилларда бу йўналишда кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ва ижрога йўналтирилди.
Жорий йил январь ойида суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал, Маъмурий суд ишларини юритиш ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига суд қарорларини қайта кўриш институтини такомиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
2021 йил 13 январдан суд қарори устидан назорат тартибида шикоят бериш институти тугатилди, суд қарори устидан апелляция ва кассация тартибида шикоят беришнинг амалдаги тартиби тубдан ўзгартирилди, апелляция ва кассация инстанцияси судлари ваколати кенгайтирилди, маъмурий ҳуқуқбузарлик ишларини кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилди.
Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ҳақида сўз борганда давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 22 июндаги фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегияси ва шу асосда ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”га тўхталиш зарур.
Мазкур ҳужжатларда, жумладан, суд-ҳуқуқ тизимини янада ривожлантиришга тааллуқли бир неча чора-тадбир ҳам ўз аксини топган.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ушбу соҳада қисқа муддатда амалга оширилган тарихий демократик ислоҳотлар юртимизни халқаро майдондаги нуфузи ва обрў-эътиборини тамоман янги босқичга олиб чиққанини алоҳида эътироф этиш жоиз.
Шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллигини таъминлаш бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян томонидан Ўзбекистонга 2019 йилги ташриф якуни бўйича маъруза доирасида эълон қилинган ижобий фикрлар ва далиллар ҳам бу борадаги саъй-ҳаракатларимизнинг ўзига хос эътирофи бўлди.
Мамлакатимиз инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатга, жумладан, БМТнинг 6 та асосий шартномаси ва 4 та факультатив протоколига қўшилгани соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Халқаро шартномавий мажбуриятларни бажариш юзасидан инсон ҳуқуқларига оид миллий қонунчилик базаси изчил такомиллаштирилмоқда. Буни кейинги бир йил давомида 70 дан ортиқ қонун, 350 дан зиёд Президент фармон ва қарори қабул қилингани ҳам тасдиқлайди.
Айниқса, сиёсий-ҳуқуқий нуқтаи назардан ёндашилганда, узоқ муддатга мўлжалланган ушбу Миллий стратегия Ўзбекистоннинг 30 йиллик мустақил демократик тараққиёти даврида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва суд-ҳуқуқ ислоҳотларини чуқурлаштириш йўлидаги энг муҳим тарихий қадамларидан бири бўлди, десак, муболаға бўлмайди.
Суд ишини кўриб чиқишда адолат, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш учун «Электрон одил судлов» тизими жорий этилди.
Мамлакатда инсон ҳуқуқларига оид амалдаги ҳолатни ўрганиш натижаси, шунингдек, БМТнинг шартномавий органлари, Ўзбекистонга ташриф буюрган БМТ махсус маърузачилари, Универсал даврий ҳисобот ва бошқа халқаро механизмлар доирасида берилган тавсияларнинг тизимли таҳлилига кўра, инсон ҳуқуқи, эркинлиги ва қонуний манфаатини самарали ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида соҳада демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва изчил давом эттириш лозимлигини талаб қилмоқда.
Шу ўринда, судлар томонидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, хусусан, асоссиз жиноий жавобгарликка тортилган шахсларга нисбатан оқлов ҳукми чиқариш бўйича фаолиятга эътибор қаратиш керак.
Таҳлилларга қарасак, кейинги 4 йил ичида судлар томонидан 2770 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилганини кўриш мумкин.
Судлар мустақиллиги ва холислигини таъминлаш мақсадида судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини шакллантириш ҳамда «Хабеас корпус» институтини янада такомиллаштириш йўли билан инсон ҳуқуқи, эркинлиги ва қонуний манфаатини таъминлашда суд ҳокимиятининг ролини ошириш, суд жараёнида тенглик ва тортишув тамойилини тўлиқ жорий қилиш, адвокатурани мустақил, ишончли ҳуқуқни ҳимоя қилувчи институтга айлантириш, малакавий юридик ёрдам сифати ҳамда адвокат касби нуфузини кўтариш, инсон ҳуқуқлари соҳасида ихтисослашган ҳуқуқшунослар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш каби устувор вазифалар Миллий стратегияни амалга оширишнинг асосий йўналишлари сифатида белгиланган.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия ва “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида белгилаб берилган вазифалар тўлиқ ва сифатли амалга оширилса, мамлакатимизда судьялар ва адвокатлар мустақиллигини таъминлашга қаратилган ютуқлар ҳам ўз-ўзидан юзага чиқа бошлайди.
Отабек Норбоев,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази
бўлим бошлиғи