Суд жараёнлари қандай ёритилиши керак?
Бу ҳақда билимингиз етарли бўлмаса, онлайн ўқиб малакангизни оширишингиз мумкин.
Суд жараёнларини оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда ёритишнинг ўзига хос жиҳатлари бор. Бироқ амалиётда ушбу масалада қатор тушунмовчиликлар кўзга ташланмоқда. Бу эса ҳуқуқий ҳужжатларни кенг тушунтириш заруратини кўрсатди.
Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда журналист ва блогерлар учун “Суд мустақиллиги ва сўз эркинлиги: суд процессларини ёритишнинг ўзига хос жиҳатлари ҳамда бу борада амалдаги қонунчилик талаблари” мавзуида семинар ташкил этилди.
Судьялар олий мактабида бевосита ва билвосита (онлайн) тарзда ташкил этилган ўқув машғулотларида таниқли ҳуқуқшунослар, тажрибали журналистлар ва медиа-экспертлар маърузалари билан иштирок этмоқда.
Эътиборлиси, икки ҳафта давомида душанба, чоршанба ва жума кунлари ташкил этиладиган машғулотлар бепул ва унда иштирок этиш чегараланмаган.
Муаттар Бурҳонова, ЎзА