Суд тизимида коррупцияга қарши муросасизлик: комплаенс назорат ва рақамли трансформация
Янги фармон
Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган “Судларда комплаенс назорат тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон соҳада буткул янги даврни бошлаб бериши билан аҳамиятли бўлди дейиш мумкин. Хусусан, 2026 йилда суд тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича эълон қилинган “фавқулодда ҳолат” суд органлари олдига кечиктириб бўлмас, кескин ва тизимли вазифаларни қўйди.
Ушбу фармон нафақат жиноятчилик оқибатлари билан курашиш, балки суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларни барвақт аниқлаш, баҳолаш ва уларни келтириб чиқарувчи омилларни таг-томири билан бартараф этишнинг замонавий механизми саналган комплаенс назорат тизимини тўлиқ муҳитга сингдиришни назарда тутади.

Буни қуйдаги ёндашувлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Биринчидан, судларда замонавий комплаенс назорат тизимини жорий этиш орқали тизимдаги ҳар бир бўғинни коррупциявий хавф-хатарлардан барвақт бартараф этиш мақсад қилинган. Иккинчидан, суд аппарати ходимларини ишга қабул қилишни мутлақо шаффофлаштириш, уларни фақат салоҳияти, иқтидори ва касб сифатлари асосида хизмат пиллапояларидан кўтариб бориш (меритократия) тизимини яратиш кўзда тутилган. Учинчидан, суд тизимига жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш ва суднинг нуфузи ва обрўсини ошириш, суд органларини Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ислоҳотларнинг чинакам кўмакчисига айлантириш белгиланган.
Шунингдек, фармон билан коррупцияга қарши курашишнинг субъектлар бўйича аниқ чегараси ва масъулияти белгилаб берилди. Унга кўра, суд аппарати ҳамда Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ходимларига янги ташкил этилаётган, мустақил ва тўғридан-тўғри Олий суд раисига бўйсунувчи Комплаенс назорат хизмати масъул сифатида белгиланди.
Бунинг учун Олий суд аппаратида 3 та штат бирлигидан иборат марказий Комплаенс назорат хизмати, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларида марказга тўғридан-тўғри бўйсунадиган жами 15 та комплаенс назорат бўйича инспектор лавозимлари жорий этилди. Инспекторларнинг маҳаллий суд раисларига эмас, балки тўғридан-тўғри Олий суд раисига бўйсуниши уларнинг мустақиллигини таъминлаш ва жойлардаги маҳаллийчилик ёки маъмурий босимлардан ҳимоя қилишнинг энг оқилона ечими бўлди.
Комплаенс назорат хизматининг асосий вазифалари сирасига суд аппарати фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш, ходимлар томонидан касб этикаси ва қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини мониторинг қилиш назарда тутилган. Шунингдек, ушбу хизмат ходимлар ва уларнинг оила аъзолари даромадлари ҳамда мол-мулкини декларация қилиш тизимини юритади. Пора таклиф қилиш ҳолатлари ҳақида хабар беришнинг хавфсиз каналларини яратиш ва коррупция ҳақида хабар берган ходимларни халқаро стандартлар асосида ҳимоя қилиш ҳам ушбу хизматнинг диққат марказида бўлади.
Суд аппарати ходимларининг касбий масъулияти ва мақомини ошириш мақсадида мансаб даражасига эга бўлган ходимлар учун ихтисослашган хизмат кийимининг жорий этилиши ҳам уларнинг жамият олдидаги масъулиятини визуал ва руҳий жиҳатдан мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қолаверса, фармон билан суд аппарати ходимларини ишга қабул қилиш ва уларнинг меҳнат фаолияти билан боғлиқ муҳим чекловлар ўрнатилмоқда. Биринчи навбатда, муқаддам коррупцияга оид жиноятларни содир этишда суд томонидан айбдор деб топилган шахслар тизимга умуман ишга қабул қилинмайди. Шунингдек, нотариус, адвокат, судья ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган фаолиятида ножўя хатти-ҳаракатлари учун лавозимдан бўшатилган шахсларни уч йил мобайнида ишга қабул қилиш тақиқланади.
Коррупцияга қарши курашишнинг енг самарали усули бу инсон омилини максимал даражада камайтириш ва жараёнларни рақамлаштиришдир. Фармон ижроси доирасида 2026 йил якунига қадар суд тизимида инсон ресурсларини бошқариш мутлақо электрон шаклга ўтказилади. Хусусан, бўш иш ўринларини эълон қилиш ва номзодларни саралаш жараёнини автоматлаштирувчи “vacancy.sud.uz” портали ҳамда кадрлар маъмурчилигини тизимлаштирувчи “SudHR” электрон платформаси ишлаб чиқилади. Номзодларни танлашда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланилиши холисликни янги босқичга олиб чиқади.
Бундан ташқари, суд мустақиллиги ва адолат мезонини таъминлашда суд ишларининг судьялар ўртасида тўғри ва холис тақсимланиши марказий аҳамиятга эга. Шу боис, фармонда Олий суд зиммасига суд ишларини автоматик тақсимлаш дастурини янада такомиллаштириш вазифаси юклатилган. Эндиликда ишни бир судьядан бошқа судьяга асоссиз равишда ўтказиш ҳолатларига бутунлай чек қўйилади, тақсимлаш ва қайта тақсимлаш мезонларининг асослари белгиланади.
Хулоса қилиб айтганда, судлар фаолиятида комплаенс назорат тизимининг йўлга қўйилиши, жараёнлар рақамлаштирилиши ва инсон омилининг чекланиши яқин йилларда суд ҳокимиятининг халқчил, шаффоф ва адолатли тизимга айланишини таъминлайди. Судларда коррупцияга қарши муросасиз муҳитни шакллантириш нафақат давлат органлари, балки бутун жамиятнинг вазифасидир. Мазкур ислоҳотлар муваффақиятли амалга оширилиши эса Янги Ўзбекистонда қонун устуворлиги ва инсон қадрининг таъминланишига хизмат қилади.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси.
ЎзА