Конституциявий судда фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг янги тизими яратилди
Янги қонун
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ҳуқуқий ислоҳотларнинг бош мақсади – инсон қадр-қимматини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда давлат органлари фаолиятини “инсон – жамият – давлат” тамойили асосида ташкил этишдан иборат.
Суд-ҳуқуқ соҳасидаги янгиланишларнинг мантиқий давоми сифатида, яқинда қонунчиликка киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар жамиятимизда ижтимоий адолатни қарор топтиришда навбатдаги муҳим қадам бўлди. Бу ўринда сўз, бевосита кам таъминланган шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган “Кам таъминланган шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги янги қонун ҳақида бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29-моддасида ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи қатъий кафолатланган бўлиб, қонунда назарда тутилган ҳолларда ушбу ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилиши белгилаб қўйилган. Мазкур конституциявий норма нафақат жиноят процессида, балки фуқаронинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланаётган ҳар қандай ҳуқуқий жараёнда тарафлар тенглигини таъминлашга хизмат қилади.

Аммо яқин вақтларгача тизимда муайян бўшлиқлар кўзга ташланаётган эди. Муқаддам мамлакатимизда давлат ҳисобидан адвокат жалб этиш – халқ тилида айтганда “бепул адвокат” хизмати асосан жиноят ишлари бўйича юритилаётган тергов ёки суд жараёнлари билан чекланиб қолган эди. Бундай чекланиш эса фуқаролик, маъмурий ёки иқтисодий низоларда, шунингдек, конституциявий ҳуқуқларни ҳимоя қилишда моддий имконияти чекланган шахсларнинг малакали адвокат хизматидан фойдаланишини сезиларли даражада қийинлаштириб келаётган эди.
Конституциявий судга шикоят тайёрлаш ва унда бевосита иштирок этиш юқори малака, чуқур ҳуқуқий билим ва катта амалий тажриба талаб қиладиган ўта мураккаб жараён ҳисобланади. Оддий фуқаро, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган шахс адвокат ёллашга моддий маблағи етмагани сабабли ўз ҳуқуқларини ушбу олий инстанцияда мустақил ва самарали ҳимоя қила олмас эди. Айнан ана шу ҳуқуқий бўшлиқни тўлдириш, ижтимоий адолат мезонларини тўлақонли тиклаш мақсадида янги қонун ҳужжати ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.
Янги қонуннинг мазмун-моҳиятига кўра, соҳага оид иккита асосий қонун ҳужжатига муҳим тўлдиришлар киритилмоқда. Уларнинг ички мантиғи ва изчил ҳуқуқий механизмини қуйидагича таснифлаш мумкин:
Биринчидан, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий Қонуннинг 41-моддаси янги норма билан тўлдирилди. Унга кўра, агар фуқаро Конституциявий судга шикоят билан мурожаат қилса ва ўз аризасида давлат ҳисобидан адвокат иштирок этишини сўраб илтимоснома киритса, Конституциявий суд ушбу илтимосни таъминлаш чораларини кўриши қатъий шарт қилиб белгиланди. Бу қоида Конституциявий суд зиммасига фуқаронинг ҳуқуқий ҳимоясини юқори даражада ташкил этиш бўйича мутлақо янги ва масъулиятли вазифа юклайди.
Иккинчидан, “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонуннинг 9 ва 17-моддаларига тегишли қўшимчалар киритилди. Хусусан, 9-моддага киритилган ўзгартиришга кўра, давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тоифасига “муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий судига мурожаат этганлар” деган янги тоифа расман қўшилди. Шунингдек, 17-моддага киритилган ўзгартириш орқали эса, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилувчи ваколатли субъектлар қаторига эндиликда Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди ҳам киритилди.
Мазкур тарихий ўзгартиришлар шуни англатадики, эндиликда кам таъминланган фуқаролар нафақат умумий юрисдикция судларида балки мамлакатнинг энг юқори суд органи – Конституциявий судда ҳам давлат томонидан кафолатланган бепул ва малакали адвокат хизматидан тўлақонли ҳамда тўсиқсиз фойдаланиш имкониятига эга бўладилар.
Янги тизимнинг энг катта ютуғи ва ижтимоий аҳамияти шундаки, у “тенг имкониятлар принципи”ни қуруқ декларациядан реал ҳаётга изчил татбиқ этади. Инсоннинг ижтимоий келиб чиқиши ва моддий аҳволидан қатъи назар, ҳар бир шахс қонун олдида ва судда тенг имкониятга эга бўлиши лозим. Давлат кам таъминланган фуқаронинг адвокатлик харажатларини ўз зиммасига олар экан, бу қадам жамиятдаги ижтимоий шериклик маданиятини юксалтиради ва аҳолининг давлатга, одил судловга бўлган ишонч туйғусини янада мустаҳкамлайди.
Албатта, ҳар қандай қонуннинг ҳаётда реал кучга эга бўлиши ва кутилган натижани бериши унинг ижро механизмлари қай даражада тўғри ва тизимли йўлга қўйилганига бевосита боғлиқ. Шу сабабли янги қонуннинг 3 ва 4-моддаларида тегишли ижрочиларга аниқ ва кечиктириб бўлмас вазифалар юклатилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Адлия вазирлиги зиммасига ушбу қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида кенг кўламда тушунтириш, фуқароларга ўзларининг янги ҳуқуқларини содда тилда етказиш ва янги тизимни амалиётга тўлиқ жорий этиш вазифаси юкланган. Ўз навбатида, Вазирлар Маҳкамасига Ҳукумат қарорларини ушбу янги қонун талабларига мувофиқлаштириш ҳамда республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ушбу қонунга зид бўлган ўз идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва тезкорлик билан бекор қилишларини таъминлаш мажбурияти юкланди.
Бундан ташқари, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар меҳнатига ҳақ тўлаш тизими ҳам молиявий жиҳатдан давлат томонидан тўлиқ кафолатланади. Жараённинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида, Адлия вазирлигининг махсус ахборот тизими орқали адвокатларни автоматик равишда танлаш ва уларга маблағ ажратиш тизими йўлга қўйилган бўлиб, бу ишлар инсон омилидан холи тарзда, бутунлай очиқ амалга оширилади. Яъни, давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш истагини билдирган фуқаро “юридик ёрдам” махсус ахборот тизими орқали электрон шаклда ёки ваколатли давлат органига тўғридан-тўғри оғзаки ёхуд ёзма шаклда мурожаат қилиши кифоядир.
Шунингдек, ишни кўриб чиқаётган ваколатли орган ёки мансабдор шахсга давлат ҳисобидан адвокат ажратилиши ҳақида тегишли илтимоснома бериш орқали ҳам ушбу ҳуқуқни муваффақиятли рўёбга чиқариш мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, кам таъминланган шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизимининг Конституциявий суд даражасигача кенгайтирилиши Ўзбекистонда ҳуқуқий давлат ва адолатли жамият барпо этиш йўлидаги муҳим ва тизимли қадамдир. Бу ўзгаришлар бевосита оддий халқ манфаатларига хизмат қилиб, ҳар бир фуқаронинг ўз юртида давлат ҳимоясида эканини амалда, ўз ҳаёти мисолида ҳис этишига мустаҳкам шароит яратади.
Зеро, қонун устуворлиги тўлиқ таъминланган жамиятдагина изчил иқтисодий юксалиш, ижтимоий барқарорлик ва тараққиёт бўлади. Янги тизим фуқароларнинг конституциявий одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш орқали мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ҳимоясини мутлақо янги, юқори босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Нилуфархон САИД-ГАЗИЕВА,
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди
Девон раҳбари, ю.ф.д.
ЎзА