Суд тизими: мурожаатлар доимо эътиборда
Марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Жиззах вилоят суди биносида бўлиб ўтган очиқ мулоқотда суд-ҳуқуқ масалаларида фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Унда Жиззах вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Шуҳрат Худаяров, вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Шуҳрат Муллажанов, вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьяси Муротжон Фаязов, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда Жиззах вилоят суди ходимлари иштирок этди.
Дастлаб, тадбир иштирокчилари вилоят судининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими бош консультанти Муҳиддин Нурматовнинг “Суд-ҳуқуқ масалаларида фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш фаолияти” мавзуси юзасидан вилоят судларига Президентимизнинг Жиззах вилоятидаги виртуал ва Халқ қабулхоналари, Бош вазирнинг тадбиркорлар билан ишлаш ва Бош прокуратуранинг порталларидан келиб тушган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари бўйича батафсил ахбороти тинглади.

– Ушбу очиқ мулоқотни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – судларнинг фаолияти ҳақида оммавий ахборот воситалари ва жамоатчиликни тўлиқ хабардор қилиш, бу орқали суд ҳокимияти органларига ишончни оширишдан иборат. Бунда асосий эътибор оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик томонидан муайян суд ишлари (ишни кўриш жараёни, иш натижалари ва бошқалар) ни нотўғри талқин қилиниш, суд ишини нотўғри ёритиш ва изоҳлашни олдини олишга қаратилиши талаб этилади, – дея таъкидлади Муҳиддин Нурматов.
Жиззах вилоят судларига ўтган 2022 йил давомида жами 6 минг 437 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 2 минг 994 таси жиноят судлов ҳайъатига, 490 таси иқтисодий судлов ҳайъатига, 2 минг 953 таси фуқаролик судлов ҳайъатига келиб тушган. Шундан, Президентнинг виртуал ва Халқ қабулхоналари, республика Бош вазирининг тадбиркорлар билан ишлаш ҳамда Бош прокуратура порталлари орқали жисмоний ва юридик шахслар томонидан жами 2 минг 941 та, вилоят судларига жисмоний ва юридик шахслар (вакиллари)нинг умумий мазмундаги 828 та мурожаати келиб тушганлиги алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, Жиззах вилоят суди ва Президентнинг вилоятидаги Халқ қабулхонаси ҳамда вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси иштирокида олис ҳудудлардаги фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мурожаатларини ўрганиш юзасидан доимий тарзда сайёр қабуллар ўтказиб келинаётгани таъкидланди.
Бундан ташқари, вилоят суди томонидан ҳар чорак якуни бўйича судларга келиб тушган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш аҳволини умумлаштириб, таҳлил қилиб борилиши ҳамда ушбу масала вилоят судининг Раёсатида муҳокама қилиниши ҳам алоҳида қайд этиб ўтилди. Шундан сўнг, вилоят судлари судьялари тадбир қатнашчиларига суд-ҳуқуқ масалаларида фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш фаолияти юзасидан ўзларининг қўшимча тушунтиришларини ҳам бериб, суд қарорларини оммавий ахборот воситалари орқали ёритилиш тартиби ҳақида берган тушунтиришлари, мулоқот иштирокчиларининг диққат марказида бўлди.
Жонли ва очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда журналистларнинг суд-ҳуқуқ масалалари бўйича саволларига судьялар томонидан батафсил жавоб берилди.
А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА