Суд раислари сайёр қабул ўтказди
Фарғона давлат университетида Фарғона вилояти суди раиси Шуҳрат Камолов бошчилигида жиноят, фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатлари раислари, жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди, фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро суди, Фарғона туманлараро иқтисодий суди ҳамда Фарғона туманлараро маъмурий судлари раислари ва судьялари томонидан сайёр қабул ўтказилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, сайёр қабулга вилоят марказининг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи 46 нафар жисмоний ва юридик шахслар ҳамда уларнинг вакиллари жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, тадбиркорлик фаолияти, фуқаролик ва оммавий-ҳуқуқий муносабатларга оид масалалар бўйича мурожаат қилишди.

Сайёр қабулда суд раислари ва судьялар иштирокчиларнинг айнан судга тааллуқли масалалар бўйича мурожаатини қабул қилишди. Айрим фуқароларнинг бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ёки маҳаллий ҳокимият органларига тегишли мурожаатлари юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар беришди. Қолаверса, фуқароларга амалдаги қонунлар мазмун-моҳияти, судга мурожаат қилиш тартиби ҳамда уларни кўриб чиқиш билан боғлиқ асосий маълумотлар жамланган кўргазмали материаллар ҳам тарқатилди.
Акмалжон РАҲИМОВ,
Фарғона туманлараро
иқтисодий суди раиси