Суд қарорлари: амалиёт ва ижро
Ҳозирда юртимизда тадбиркорликка кенг йўл очиб берилиб, улар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Бироқ яратиб берилаётган имкониятдан унумли фойдаланмасдан, олинган кредитни ўз вақтида қайтаришни хаёлига ҳам келтирмаётган тадбиркорлар ҳам учраб турибди.
Жумладан, “G.G.H.S.” МЧЖ “Ипак йўли” АИТБ Навоий филиалидан олган 513,5 миллион сўм кредитни ўз вақтида қайтармаган. Натижада банк томонидан тадбиркордан қарзни ундириш юзасидан судга мурожаат қилинган. Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг 2021 йил 7 майда қарздордан 513,5 миллион сўм кредит маблағини банк фойдасига ундириш, ундирув Навоий шаҳар ҳудудида жойлашган “Маиший хизмат кўрсатиш биноси”га қаратилиши тўғрисидаги қарори қабул қилинган. Ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюросининг Навоий шаҳар бўлими томонидан ижрога қабул қилинган.
– Давлат ижрочилари томонидан қарздор бир неча бор расмий огоҳлантирилсада, суд қарори ижроси ўз вақтида бажарилмаган, – дейди МИБ Навоий шаҳар бўлими давлат ижрочиси Зафар Ризаев. – Олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида гаров мулки ҳисобланган “Маиший хизмат кўрсатиш биноси” хатланиб, аукцион савдоларига чиқарилган. Аукцион савдосида эса мулк 900 миллион сўмга сотилиб, кредит қарздорлиги тўлиқ ундирилган. Қолган пул маблағлар гаров эгасига қайтарилган.
Шунингдек, Мажбурий ижро бюросининг Навоий шаҳар бўлими томонидан “N.A” акционерлик жамиятидан вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси фойдасига 328,8 миллион сўм ундирилди.
– Ўзбекистон Республикасининг “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонунининг 23-моддасида чиқиндиларни жойлаштирганлик учун компенсация тўловлари ундириш тартиби белгиланган, – дейди бўлим давлат ижрочиси Миржалол Ҳабибов. – Навоий вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан 2021 йил 27 июлда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси фойдасига 328,8 миллион сўм акционерлик жамияти ҳисобидан компенсация тўлови ундириш ҳақида қарор қабул қилган. Ижрога қабул қилинган суд қарори юзасидан давлат ижрочилари томонидан олиб борилган ижро ҳаркатлари давомида қарздор жамият раҳбарлари расмий огоҳлантирилиб, суд қарори ижроси ўз вақтида бажарилмаса, мажбурий ижро чоралари қўлланилиши ҳақида огоҳлантирилган.
Натижада, қарздорлик жамият ҳисобидан тўлиқ ундириб олинган. Ижро ҳужжати эса “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунунинг 41-моддасига асосан иш юритуви тамомланган.
Абдували Бўриев, ЎзА