Суд мажлисларини мобил илова орқали ўтказиш механизмлари белгиланмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди ва конституциявий суд ишларини юритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилди.
Қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳаси Конституция устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли суд ҳимоясини кучайтириш ҳамда конституциявий суд ишларини юритишнинг аниқ ҳуқуқий механизмларини белгилаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Лойиҳа 2025 йил 18 декабрдаги Президент фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган бўлиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг Конституциявий судга мурожаат қилиш имкониятларини кенгайтиришни назарда тутади.
Жумладан, лойиҳа билан конституциявий суд ишларини юритишнинг асосий принциплари, иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, Конституциявий судга мурожаат қилиш тартиби, процессуал муддатлар, мурожаатларни дастлабки кўриб чиқиш, ишни суд муҳокамасига тайёрлаш ва кўриб чиқиш каби масалалар алоҳида тартибга солинмоқда.
Шунингдек, конституциявий шикоят институти самарадорлигини ошириш, суд мажлисларини видеоконференцалоқа, жумладан, мобил илова орқали ўтказиш, суд мажлисларини аудио ёзувда қайд этиш ва баённомаларни рақамли технологиялар асосида шакллантириш механизмлари назарда тутилмоқда.
Таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳаси қабул қилиниши фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтиради, бузилган ҳуқуқ ва эркинликларни тиклаш билан боғлиқ тартиб-таомилларни соддалаштиради. Шу билан бирга, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА