Суд-ҳуқуқ тизимида ҳамкорлик
Корея Республикаси Олий суди раиси Ким Мён Су бошчилигидаги делегация Бухоро вилоятига ташриф буюрди.
Меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, вилоят ҳокими Ботир Зарипов билан учрашди. Вилоят раҳбари меҳмонларни юртимизга ташрифи билан қутлади. Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Корея давлатлари ўртасидаги ўзаро савдо-иқтисодий ҳамда инвестициявий ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилганини алоҳида таъкидлади. Хусусан, суд-ҳуқуқ тизимида тажриба алмашиш жамиятда қонунийлик барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Ўз навбатида меҳмонлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларига юқори баҳо берди. Қисқа вақт ичида эришилган ютуқлар халқаро даражада ҳақли эътирофга сазовор бўлаётгани, икки давлат амалиётига уйғун жиҳатлар кўплигига эътибор қаратди.

– Мамлакатларимиз ўртасида турли йўналишларда ҳамкорлик келишувларига эришилган, – деди Ким Мён Су. – Судлар ўртасида ҳам икки томонлама тажриба алмашиш ва бу соҳани ривожлантириш мақсадида юртингизга келганмиз. Ўзбекистон суд тизими билан танишиш асносида бу ерда суд ва судьяларнинг мустақиллигига алоҳида эътибор берилаётгани, шу мақсадда ислоҳотлар амалга оширилаётганидан хабардор бўлдик ва бу бизда ижобий фикр уйғотди.
Самимий ва ишчан руҳда ўтган учрашувда суд-ҳуқуқ соҳаси ва бошқа бир қатор масалалар юзасидан фикр алмашилди. Делегация аъзолари Бухоронинг диққатга сазовор жойларини томоша қилди.
Зариф Комилов,
Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА