Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти Қатар билан экспертлик ҳамкорлигини мустаҳкамламоқда
Аввал хабар берганимиздек, 19–21-октябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов Доҳа шаҳрида бўлиб ўтган VIII Жаҳон хавфсизлик форуми (Global Security Forum 2026)да иштирок этди. Форум халқаро хавфсизликнинг долзарб масалалари ва глобал ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларига бағишланди.
Форум доирасида Э. Арипов Қатар давлат тузилмалари вакиллари ва таҳлилий марказлар раҳбарлари билан бир қатор учрашувлар ўтказди. Учрашувларда экспертлик алоқаларини кенгайтириш, Ўзбекистон ташаббусларини илгари суриш ҳамда икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, Доҳа форуми бош менежери Маҳа Ал-Кувари билан бўлиб ўтган музокараларда Ўзбекистоннинг ушбу халқаро платформа фаолиятидаги иштирокини янада фаоллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.
М. Ал-Кувари халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан Ўзбекистон ёндашувларини кенг тақдим этишдан манфаатдор эканини билдирди. Томонлар ушбу йўналишда фаол ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.
Қайд этилганидек, Доҳа форуми халқаро тенденциялар, дипломатик ташаббуслар ва барқарор ривожланиш стратегияларини муҳокама қилишга қаратилган етакчи глобал платформадир. 2002 йилда ташкил этилганидан буён форум жаҳон етакчилари, халқаро ташкилотлар вакиллари, таҳлилий марказлар ва академик ҳамжамият вакилларини бирлаштирувчи мулоқот майдонига айланди.
2025 йилда Доҳа форуми доирасида СМТИ ва Жоржтаун университети ҳамкорлигида Термиз мулоқотига бағишланган алоҳида сессия ташкил этилган эди. Ўзбекистон ташаббуси билан илгари сурилган ушбу мулоқот Афғонистонни фаол жалб этиш орқали Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида ўзаро боғлиқликнинг янги архитектурасини шакллантиришга қаратилган.
Учрашувларнинг муҳим йўналишларидан бири СМТИ ва Қатар илмий-тадқиқот тузилмалари ўртасидаги институционал ҳамкорликни ривожлантириш бўлди. Мазкур ҳамкорлик Ўзбекистон–Қатар стратегик шериклигини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муштарак таҳлилий ёндашувлар ва амалий таклифларни ишлаб чиқишга қаратилган.

Жумладан, Глобал стратегик тадқиқотлар институти ижрочи директори Муҳаммад Али Чиҳи билан учрашувда икки институт ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш бўйича келишувга эришилди. Ҳужжатни имзолаш келгуси Доҳа форуми доирасида режалаштирилган.
Ҳамад бин Халифа университети ҳузуридаги Глобал стратегик тадқиқотлар институти (Қатар Таълим жамғармаси) халқаро ва минтақавий муаммоларни ўрганиш ҳамда стратегик тавсиялар ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи фанлараро таҳлилий марказ ҳисобланади. Унинг фаолиятидаги устувор йўналишлар қаторига низоларни тартибга солиш, энергетика ва иқлим масалалари, сунъий интеллект, Афғонистонга оид масалалар ҳамда транспорт-логистика соҳасидаги ўзаро боғлиқликни ривожлантириш киради.

Ўз навбатида, Низолар ва гуманитар тадқиқотлар маркази директори Ҳассан ал-Каҳлут билан бўлиб ўтган суҳбатда СМТИ билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш имкониятлари кўриб чиқилди. Қатар томони ўзаро манфаатли масалалар бўйича экспертлар ҳамкорлигини йўлга қўйишдан манфаатдор эканини билдирди.
Низолар ва гуманитар тадқиқотлар маркази 2016 йилда минтақадаги энг йирик таҳлилий муассасалардан бири бўлган Араб сиёсатини тадқиқ этиш ва ўрганиш маркази таркибида ташкил этилган. У тинчликни мустаҳкамлаш, низоларни тартибга солиш ва гуманитар ёрдам кўрсатиш масалаларига ихтисослашган. Марказ фаолиятининг асосий йўналишлари динлараро мулоқот, Афғонистонга оид масалалар ва минтақавий хавфсизлик, низолардан кейинги тикланиш, шунингдек, медиация ва гуманитар ҳуқуқ соҳаларида мутахассислар тайёрлашни ўз ичига олади.
Умуман олганда, учрашувлар СМТИнинг қатарлик ҳамкорлари билан алоқаларини мустаҳкамлаш, институционал ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аниқ келишувларга эришиш ҳамда экспертлар ҳамкорлигининг истиқболли йўналишларини белгилаш имконини берди. Бу эса Ўзбекистон ташаббусларини халқаро мулоқот майдонларида илгари суриш ва Ўзбекистон–Қатар стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш учун қўшимча имкониятлар яратади.
ЎзА