Хоразмда раҳбарлар ёшлар билан учрашди
Ҳафтанинг ҳар пайшанбаси мамлакатимизда “Ёшлар куни” деб эълон қилинган. Шу куни ҳудудларда раҳбар ва ёшлар учрашувлари, ёшлар билан очиқ мулоқотлар ва бошқа тадбирлар ташкил этилади. Хўш, бугун Хоразмда қайси раҳбарлар ёшлар билан учрашди?
Янгибозор туманида битирувчи ёшлар, маҳалла ёшлар етакчилари ҳамда солиқ соҳаси вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокими ўринбосари Шерзод Бердиев, вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Саидов, вилоят ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Бобур Олимов қатнашган учрашувда ёшлар масалаларига масъул бўлган вакилларнинг фаолияти, битирувчиларни келгуси ҳаётга тайёрлаш ва уларнинг бандлигини таъминлаш борасидаги вазифалар муҳокама қилинди.

Учрашув давомида ёшлар билан ишлашда масъулиятни ошириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш масалаларига эътибор қаратилди.
***
Худди шундай учрашув Урганч туманида ҳам ўтказилди. Унда вилоят раҳбарлари, битирувчи ёшлар, маҳалла ёшлар етакчилари ҳамда солиқ соҳаси вакиллари иштирок этди.

Учрашув давомида ёшларни иш билан таъминлаш, уларнинг бандлигини ошириш, тадбиркорликка жалб этиш ҳамда ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалаларига эътибор қаратилди.

Шунингдек, маҳалла ёшлар етакчилари ва солиқ соҳаси вакиллари билан ҳамкорликни кучайтириш, ёшларнинг муаммоларини ўрганиш ҳамда уларни ҳал этиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
***
Хоразм вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ўктам Машарипов Гурлан туманида ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди.

Учрашув давомида ёшларнинг фикр ва таклифлари, уларни қийнаётган масалалар тингланиб, мавжуд муаммоларни ҳал этиш, ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича фикр алмашилди.

***
Қўшкўпир туманининг Шихмашҳад маҳалласида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Сирожбек Пирнафасов ҳамда туман прокурори Шоҳрух Ражабов ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди.

Самимий ва очиқ руҳда кечган учрашув давомида ёшларнинг таълим, бандлик ҳамда ўз иқтидорини намоён этиши учун яратилаётган имкониятлар юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, ёшлар томонидан илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар тингланиб, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди.

Мулоқот жараёнида ёшларни қийнаётган масалалар муҳокама қилиниб, уларнинг мурожаатлари юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
***
Вилоят спорт бошқармасининг раҳбарияти томонидан ҳам ҳафтанинг ҳар пайшанбаси спортчи ёшлар билан учрашув куни сифатида белгиланган.

Мазкур учрашувларда ёш спортчиларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини тинглаш ҳамда спорт билан шуғулланиш учун мавжуд имкониятларни кенгайтириш мақсад қилинган.

Бугун навбатдаги учрашув Хонқа туман спорт мактабида бўлиб ўтди. Унда вилоят спорт бошқармаси бошлиғи ўринбосари Д. Ибрагимов спортчи ёшлар билан мулоқот қилиб, ёшларнинг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва ташаббусларини тинглади. Шунингдек, уларни қизиқтирган масалалар юзасидан тегишли тушунтиришлар бериб, саволларига жавоб қайтарди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири