Стратегик ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди
Бухоро вилоятининг стратегик ривожланиши, белгиланган мақсад ва кўрсаткичлар ижросини таъминлаш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Унда Бухоро вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Жамшид Шаропов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги директори ўринбосари Тоҳиржон Сафаров ҳамда тегишли ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Учрашувда вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, мавжуд имкониятларни ишга солиш ва ҳудудни узоқ муддатли истиқболда ривожлантиришга қаратилган стратегик вазифалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, "Ўзбекистон — 2030" стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифаларни Бухоро вилоятида самарали амалга ошириш, белгиланган кўрсаткичларнинг бажарилишини мунтазам таҳлил қилиш ҳамда юзага келаётган муаммоларни ўз вақтида аниқлаш масалаларига эътибор қаратилди.


Мутасаддилар ҳудудни ривожлантиришга қаратилган стратегик ҳужжатларни ишлаб чиқишда вилоятнинг ўзига хос жиҳатлари, мавжуд ресурслари ва ривожланиш имкониятларини ҳисобга олиш зарурлигини таъкидлади. Белгиланган вазифалар ижросини тизимли ташкил этиш ва натижаларни доимий мониторинг қилиш бўйича ҳам фикр алмашилди.
Тадбир давомида Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги томонидан ишлаб чиқилган "Геопортал" тизимининг имкониятлари ҳам намойиш этилди. Мазкур рақамли платформа ҳудуддаги ижтимоий ва коммунал объектлар, инфратузилма, мавжуд ресурслар ҳамда улар ҳақидаги маълумотларни ягона тизимда жамлаш имконини беради.
"Геопортал"дан фойдаланиш орқали ҳудуддаги объектлар ва инфратузилманинг ҳолатини таҳлил қилиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш, ривожланиш жараёнларини мониторинг қилиш ва истиқболдаги лойиҳаларни режалаштириш имкониятлари кенгаяди.
Учрашув якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли вазифалар белгиланди. "Ўзбекистон — 2030" стратегияси доирасидаги кўрсаткичларга эришиш, стратегик ҳужжатлар ижросини таъминлаш ва амалга оширилаётган ишларни мунтазам мониторинг қилиш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА