Етти миллий дастур – инсон қадри ва миллий юксалишнинг янги тараққиёт модели
Ўзбекистон янги тараққиёт даврида инсон қадрини устувор билди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев мустақилликнинг 35 йиллигида мамлакат келажагини белгиловчи етти йўналишда миллий дастурни тақдим этди.
Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларида давлат ва жамият ҳаётида мустақил тараққиёт йўлини шакллантириш, миллий давлатчилик асосларини мустаҳкамлаш ва иқтисодий барқарорликни таъминлаш устувор вазифа бўлган бўлса, бугунги босқичда мамлакат олдида бунданда кенгроқ ва стратегик мақсадлар турибди. Эндиликда тараққиёт мезони нафақат иқтисодий кўрсаткичлар ўзгаришлари, балки инсоннинг ҳаёт сифати, ҳуқуқ ва эркинликлари, билим ва салоҳияти, муносиб даромади, соғлом ва хавфсиз муҳитда яшаши билан ҳам ўлчанмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида илгари сурилган етти миллий дастур мамлакат тараққиётининг навбатдаги босқичига оид устувор вазифаларни яхлит тизимга бирлаштириши билан аҳамиятлидир. Ушбу дастурлар таълимдан тиббиётгача, иқтисодиётдан экологиягача, суд-ҳуқуқ тизимидан маҳалла ва ташқи сиёсатгача бўлган кенг кўламли йўналишларни қамраб олади.
Аслида, бу йўналишларнинг ҳар бири жамият ҳаётининг алоҳида бир соҳасига тааллуқли бўлса-да, уларни бирлаштириб турадиган умумий мезон – инсоннинг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шароитларни яратиш мавжуд.
Биринчи миллий дастур – билим ва малакани тараққиётнинг асосий капиталига айлантириш. Бу вазифа, аввало, ёш авлодга сифатли таълим бериш, уларни замонавий касбларга ўқитиш ва рақобатбардош кадрлар тайёрлашга қаратилган. Олти ёшли болаларни тайёрлов гуруҳларига тўлиқ қамраб олиш, мактабларни халқаро баҳолаш дастурларига жалб этиш, техникумларда халқаро стандартларни жорий қилиш ва ёшларни юқори даромадли касбларга тайёрлаш каби вазифалар белгиланган.
Иккинчи миллий дастур – халқимизнинг соғлом ва узоқ умр кўришини таъминлаш. Инсон қадри, энг аввало, унинг соғлом ва муносиб ҳаёт кечириши билан боғлиқ. Шу боис тиббиёт тизимини такомиллаштириш, профилактика ва сифатли тиббий хизматни кучайтириш аҳоли фаровонлигининг муҳим шарти сифатида намоён бўлади.
Учинчи миллий дастур – иқтисодиётни юқори технология ва меҳнат унумдорлиги моделига ўтказиш. Янги иқтисодий тараққиёт модели юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар, инновациялар, замонавий технологиялар ва инсон капиталига таянади. Бу эса янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва ёшлар учун замонавий касб ва имкониятларни кенгайтиришга хизмат қилади.
Тўртинчи миллий дастур – сув ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартириш. Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, экологик барқарорликни таъминлаш ва “Яшил макон” умуммиллий ҳаракатини янги босқичга олиб чиқиш келажак авлодлар олдидаги муҳим масъулиятдир. Президент нутқида яқин йилларда туман ва шаҳар марказларида яшил ҳудудлар улушини 30 фоизга етказиш мақсади ҳам белгиланган.
Бешинчи миллий дастур – суд мустақиллигини кучайтириш ва қонун устуворлигини умумий қадриятга айлантириш. Бу йўналиш инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамиятга эга.
Адолат қарор топган жойдагина инсоннинг давлатга ишончи, жамиятнинг барқарорлиги ва иқтисодий тараққиёт таъминланади. Шунинг учун ҳуқуқий тарбияни мактабдан бошлаш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг қонуний кафолатларини кучайтириш, кибержиноятчилик, одам савдоси, гиёҳвандлик, яширин иқтисодиёт, уюшган жиноятчилик, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини камситишга қарши курашни янги босқичга олиб чиқиш вазифалари белгиланган. Бу вазифалар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи миллий институтлар, жумладан, Омбудсман институти зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Зеро, фуқаронинг ҳуқуқи бузилганида уни эшитиш, муаммосини ўрганиш, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва давлат органлари фаолиятида инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш ҳуқуқий демократик давлатнинг муҳим белгисидир.
Олтинчи миллий дастур – маҳаллани жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантириш. Маҳалла инсон ва давлат ўртасидаги энг яқин мулоқот майдонидир. Шунинг учун ҳудудларни ривожлантириш, аҳоли муаммоларини ҳал этиш, ижтимоий хизматлар сифатини оширишда фуқароларнинг фикри ва эҳтиёжларини инобатга олиш муҳим аҳамият касб этади. Бу ёндашув “давлат – жамият – инсон” муносабатларини янада такомиллаштириб, аҳолининг жамоатчилик бошқарувидаги иштирокини кучайтиришга хизмат қилади.
Еттинчи миллий дастур – Ўзбекистоннинг тинчлик ва дўстлик диёри, бағрикенг ўлка сифатидаги нуфузини янада юксалтириш. Тинчлик, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва яхши қўшничилик мамлакатимиз барқарор тараққиётининг муҳим кафолатларидир. Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилади.
Етти миллий дастурнинг мазмун-моҳиятига яхлит назар ташланганда, уларнинг ҳар бири инсон ҳаётининг муайян жиҳатини қамраб олиши, бироқ якунда битта умумий мақсадга – инсон қадрини юксалтириш ва унинг муносиб ҳаёти учун мустаҳкам шароит яратишга хизмат қилиши кўринади.
Бу ерда таълим келажакдаги имкониятларни кенгайтирадиган капитал сифатида қаралмоқда. Соғлиқни сақлаш фақат мавжуд касалликни даволаш эмас, балки узоқ ва сифатли ҳаёт учун шароит яратишни англатмоқда. Юқори технологияли иқтисодиёт эса фақат ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш эмас, балки инсон меҳнатининг унумдорлигини, даромадларини ва замонавий касбларга бўлган имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши кўзда тутилмоқда.
Худди шунингдек, сув ва табиатга масъулиятли муносабат бугунги эҳтиёж билан келажак авлод манфаатлари ўртасидаги мувозанатни таъминлашга қаратилган. Суд мустақиллиги ва қонун устуворлиги эса инсон ўз ҳуқуқлари ҳимояланганига ишонч ҳосил қиладиган ҳуқуқий муҳитни шакллантиришнинг муҳим шарти ҳисобланади. Маҳалланинг жамият тараққиётидаги ролини кучайтириш эса давлат сиёсатини аҳолининг кундалик эҳтиёжларига янада яқинлаштириш имконини беради. Тинчлик, бағрикенглик ва яхши қўшничиликка асосланган сиёсат эса барча ислоҳотлар амалга ошириладиган барқарор муҳитни таъминлайди.
Даврон Алибеков,
Жиззах давлат педагогика университети доценти,
фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори.