Стартаплар ва венчур капитали: ёшлар салоҳиятини қандай рўёбга чиқариш мумкин?
Яхши ғояни муваффақиятли бизнесга айлантириш учун нима қилиш керак? Ёшларнинг инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва уларни халқаро бозорга олиб чиқишда венчур капиталининг ўрни қандай?
Бугунги кунда ушбу саволлар мамлакатимизда стартап экотизимини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур масалалар юзасидан IT Park Uzbekistan Бош директори Азамат Караматов билан суҳбатлашдик.
— Бугун стартаплар ва венчур капитали ҳақида кўп гапирилмоқда. Аввало, стартап нима ва унинг иқтисодиёт учун аҳамияти қандай?
— Стартап — янги ғоя асосида ташкил этилган ва тез ривожланишга интиладиган бизнес. Унинг асосий мақсади муайян муаммога ечим топиш, бозорда талаб мавжуд бўлган маҳсулот ёки хизматни яратиш ва фаолиятини кенгайтиришдан иборат.
—Ғояни ҳақиқий бизнесга қандай айлантириш мумкин?
—Ривожланишнинг кейинги босқичида энг муҳим вазифа — яхши ғояни барқарор компанияга айлантиришни ўрганишдир. Стартап инвестициядан бошланмайди. У тадбиркор ҳал этишни истаган аниқ муаммодан бошланади. Агар маҳсулот одамларга ёки бизнесга ҳақиқатан ҳам керак бўлса, дастлабки фойдаланувчилар, биринчи мижозлар ва илк даромад пайдо бўлади. Шундан сўнг компания инвестиция жалб қилиш ва ўз фаолиятини кенгайтириш имкониятига эга бўлади.
Бугун Ўзбекистонда бундай ёндашувнинг амалий натижаларини кўриш мумкин. Dealroom тадқиқотига кўра, венчур молиялаштиришни жалб қилган Ўзбекистон компанияларининг умумий қиймати 2020 йилдаги 301 миллион доллардан 2026 йилда 4,3 миллиард долларга етган. Фақат 2026 йилнинг биринчи ярмида маҳаллий стартаплар рекорд даражадаги 147 миллион доллар инвестиция жалб қилган.
Бу - шаклланаётган стартап экотизими учун жуда юқори ўсиш. Бироқ, муваффақиятнинг асосий кўрсаткичи фақат жалб қилинган миллионлар миқдори эмас. Қанча компания бозорда талаб юқори бўлган маҳсулот ярата олгани, янги бозорларга чиққани, савдо ҳажмини оширгани, иш ўринлари яратгани ва дастлабки инвестициялардан кейин ҳам ривожланишни давом эттиргани анча муҳим.
Айнан шу сабабли биз стартапларни фақат ишга туширишни қўллаб-қувватлашдан уларнинг кейинги ўсишини рағбатлантиришга босқичма-босқич ўтишимиз зарур.
—Нима учун стартап бошиданоқ жаҳон бозорини кўзлаши керак?
— Чунки Ўзбекистон учун ички бозор ҳажми муҳим масалалардан бири. Ҳатто маҳаллий бозорда жуда муваффақиятли бўлган маҳсулот ҳам эртами-кечми муайян чекловларга дуч келади. Шу боис технологик компания фаолиятининг дастлабки йиллариданоқ ўз маҳсулотини мамлакат ташқарисида кимларга сотиши мумкинлигини тушуниши зарур. Бу Марказий Осиё, Форс кўрфази давлатлари, Жанубий Осиё, Европа ёки АҚШ бозорлари бўлиши мумкин.
Ўзбекистон бу борада жиддий устунликка эга: маҳаллий технологик компаниялар хорижий буюртмачилар билан ишлаш тажрибасини орттирмоқда, IT хизматлари экспорти эса изчил ўсиб бормоқда. IT Park резиденти бўлган компанияларнинг ёш раҳбарлари аллақачон АҚШ, БАА, Канада, Буюк Британия, Қозоғистон ва бошқа давлатлардаги мижозлар билан ҳамкорлик қилмоқда.
— Янги компаниялар фақат пойтахтда эмас, ҳудудларда ҳам пайдо бўлиши учун қандай ишлар амалга оширилиши керак?
—Стартап албатта пойтахтда ташкил этилиши шарт эмас. Истеъдодли ёшлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида яшайди. IT Park Самарқанд, Фарғона, Наманган, Хоразм ва Андижон вилоятларида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида ҳам ёш тадбиркорларнинг фаоллигини қайд этмоқда.
Бироқ истеъдодли ёшларнинг мавжудлиги — фақат биринчи қадам. Ҳудудий стартап ривожланиши учун тадбиркорга билим олиш имконияти, тажрибали устозлар, дастлабки мижозлар ва инвестициялар зарур. Шу боис ҳудудий стартап муҳитини ривожлантириш кейинги босқичнинг устувор йўналишларидан бирига айланиши керак. Нукус, Урганч, Фарғона ёки Самарқанддаги ёшлар ҳам Тошкентдаги тадбиркорлар каби ўз лойиҳасини инвесторларга тақдим этиш, акселерация дастурида қатнашиш ёки халқаро ҳамкор топиш имкониятига эга бўлиши лозим.
Замонавий технологиялар дунёнинг деярли исталган нуқтасидан туриб глобал компаниялар яратиш имконини бермоқда. Бизнинг вазифамиз — мамлакат ичидаги географик жойлашув инсоннинг имкониятларини чекламайдиган шароит яратиш.
—Инвестор стартапга маблағдан ташқари яна қандай имкониятлар тақдим эта олади?
—Стартапларни ривожлантириш ҳақида гапирганда, биз кўпинча масаланинг фақат бир томонига — тадбиркорга эътибор қаратамиз. Аммо профессионал инвесторларсиз кучли венчур экотизимини шакллантириб бўлмайди.
Инвестор компанияга шунчаки маблағ бериш билан чекланмаслиги керак. У янги мижозларни топиш, малакали мутахассисларни жалб қилиш, хорижий бозорга чиқиш ва навбатдаги инвестиция раундига тайёргарлик кўришда ҳам ёрдам бериши мумкин.
Шу билан бирга, стартапларга инвестиция киритиш ҳар доим таваккалчилик билан боғлиқ. Ҳар бир лойиҳа ҳам йирик компанияга айланавермайди. Шу сабабли профессионал венчур бозори портфель ёндашувига асосланади: инвестор бир нечта компанияга маблағ киритади ва уларнинг энг муваффақиятлилари бошқа лойиҳалардаги йўқотишларни қоплаши мумкинлигини ҳисобга олади.
Ўзбекистонда бозорни янада ривожлантириш учун инвесторларнинг лойиҳалардан чиқиш имкониятларини ҳам аниқ ва тушунарли шакллантириш муҳим.
Инвестор маблағ киритаётганда бир неча йилдан сўнг ўз улушини бошқа инвесторга ёки йирик компанияга сотиш ёхуд оммавий капитал бозори орқали инвестициясидан даромад билан чиқиш имкониятига эга бўлишни кўзлайди.
—Ўзбекистон жаҳон стартап харитасида қандай ўрин эгалламоқда?
—Сўнгги бир неча йил ичида халқаро инвесторларнинг Ўзбекистонга бўлган муносабати сезиларли даражада ўзгарди.
Яқин вақтгача мамлакатимиз халқаро даражадаги технологик компанияларни яратиш мумкин бўлган ҳудуд сифатида камдан-кам кўриб чиқилар эди. Бугун эса вазият бошқача. 2026 йилда StartupBlink Ўзбекистонни йилнинг энг тез ривожланаётган стартап экотизими деб эътироф этди.
Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, айнан дастлабки инвестициядан муваффақиятли чиқишгача бўлган тўлиқ жараён капиталнинг доимий равишда экотизимга қайтиши ва тадбиркорларнинг янги авлодини молиялаштириш имконини беради.
—Стартап экотизимини ривожлантириш учун қандай тизим яратиш керак?
—Бизда ёш технологик компаниялар шаклланмоқда. Венчур фондлари пайдо бўлди. Инвестициялар ҳажми ўсмоқда. Халқаро иштирокчилар мамлакатимизни истиқболли янги технологик бозор сифатида тобора кўпроқ кўриб чиқмоқда. Маҳаллий стартаплар халқаро дастурларда қатнашиб, хорижий капитал жалб қилмоқда. Бироқ кейинги босқич янада мураккаб бўлади.
Эндиликда алоҳида муваффақият ҳикояларидан доимий равишда янги компанияларни шакллантирадиган тизимга ўтиш зарур. Бунинг учун ёшларга билим, янги ғояларни синаб кўриш имконияти, менторлар, мижозлар ва инвестициялардан фойдаланиш шароити керак. Инвесторларга аниқ қоидалар ва сифатли лойиҳалар зарур. Давлат эса хусусий бозорнинг ўрнини эгалламаган ҳолда инфратузилмани ривожлантириш ва мавжуд тўсиқларни камайтиришни давом эттириши лозим.
Энг муҳими, ёшлар тадбиркорлигига бўлган муносабатнинг ўзини ўзгартиришимиз керак. Ноутбук ва яхши ғояга эга ёш инсон — шунчаки йирик компаниянинг бўлажак ходими эмас. Бир неча йилдан сўнг унинг ўзи компания ташкил этиши, юзлаб мутахассисларни иш билан таъминлаши, хорижий инвестициялар жалб қилиши ва ўз маҳсулотини ўнлаб мамлакатларга экспорт қилиши мумкин. Стартап иқтисодиётининг ҳақиқий салоҳияти айнан шунда намоён бўлади.
ЎзА мухбири
Нигора Раҳмонова суҳбатлашди.