Кичик модулли реакторлар бўйича халқаро тажриба ўрганилди
Бугун “Ўзатом” агентлигида кичик модулли реакторлар технологияларини жорий этишда моделлаштириш воситаларидан фойдаланишга бағишланган миллий семинар ўтказилди.
“Ўзатом” ва Халқаро атом энергияси агентлиги ҳамкорлигида ўтказилган ушбу тадбирда давлат идоралари, илмий муассасалар, лойиҳа ташкилотлари ва энергетика тузилмалари мутахассислари, шунингдек, ХАЭА экспертлари иштирок этди.
Семинарда кичик модулли реакторлар технологияларини ривожлантириш, уларнинг хавфсизлиги ва иқтисодий самарадорлигини баҳолаш, замонавий моделлаштириш воситаларидан фойдаланиш ҳамда соҳа учун кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
ХАЭА эксперти Владимир Артисюк Ўзбекистоннинг миллий ядро дастурини ривожлантириш борасидаги салоҳиятини эътироф этиб, кичик модулли реакторларни хавфсиз жорий этиш учун мамлакатда мустаҳкам замин мавжудлигини таъкидлади.
Тадбир доирасида кичик модулли реакторларнинг технологик хусусиятлари, ёқилғи конструкциялари, инновацион ёқилғи цикллари ва иқтисодий прогнозлар кўриб чиқилди. Шунингдек, кадрлар тайёрлашда қўлланиладиган ХАЭА симуляторлари имкониятлари тақдим этилди.
Семинарнинг амалий қисми 16 октябрь кунига қадар давом этади. Унда “ММФИ” Миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкент филиалида ўтказилиши, шунингдек, Ўзбекистонда кичик модулли реакторлар бўйича ХАЭА ҳамкорлик марказини ташкил этиш истиқболлари муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Агентлик ахборот хизматига кўра, мазкур тадбир халқаро тажрибани ўрганиш, маҳаллий мутахассисларнинг малакасини ошириш ва Ўзбекистонда кичик модулли реакторлар технологияларини хавфсиз ривожлантиришга қаратилган.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА