Стартапчи ёшлар учун 160 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция ажратилди
Ёшлар ишлари агентлиги, Турин политехника университети, “Yoshlar Ventures” ва “UzCombinator” ҳамкорлигида юртимиздаги биринчи “TechCombinator” акселератор дастури ишга туширилди.
Одатда “startup” деганда онлайн илова ёки сайтлар тушунилади. Аммо мазкур лойиҳа мутлақо бошқа йўналишда — микрочиплар, дронлар ва робототехника каби реал техник жиҳозлар яратаётган ёшларни қўллаб-қувватлайди.


Дастур натижалари ва мақсадларига кўра 40 кун давомида иштирокчилар маҳсулотни бозор талабига мослаштириш ва ғояни аниқ бизнесга айлантириш устида ишлади.
Ушбу жараён якунида энг истиқболли лойиҳаларга Турин политехника университети билан биргаликда 160 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритишга келишилди.


Асосий мақсад юртимизда “deep-tech” ва “defense-tech” йўналишларида йирик миллий технология брендларини яратиш. Бу борадаги илк муҳим қадам ташланди.
Г.Бобоева, ЎзА